Фарида АФРЎЗ: “Ким шеър ёзиб сотишни касб қилдими, у шоир эмас”

«Олдин тухум пайдо бўлганми ёки товуқ?» деган бемаъни савол неча минг йилдирки инсониятни ўйлантириб келмоқда. Аммо, кейинги пайтда фалсафадан бутунлай йироқ бўлган бир соҳада пайдо бўлаётган баҳс-мунозаралар юқоридаги «фалсафий» муаммони ёдга солмоқда: қўшиқ учун олдин шеър яралиши керакми ёки мусиқа?

Ҳа, яна шу мавзу – яхши қўшиқ яралиши нимага боғлиқ? Яхши мусиқагами, яхши шеъргами ёки хонандага? Мана шу саволлар атрофида таниқли ижодкор, кўплаб шеърлари қўшиқ бўлиб янграётган шоира Фарида АФРЎЗ билан суҳбатлашдик.

— Фарида опа, илгарилари ҳеч бир шоир қўшиқ ёзмасди, фақат шеър ёзар эди. Назаримда, ҳозир шеърга қизиқиш камайгандек. Шеър қўшиқ бўлсагина одамларнинг ёдида қоладигандек, гўё…

— Тўғри, шеърни ҳамма ҳам ўқийвермайди. Бунинг учун ҳақиқий мухлис, юрагида озгина бўлса-да, таъсирланиш ҳисси, дарди бор инсон бўлиш керак. Агар инсон асл шеъриятни билса, шеърни саралаб ўқийди. Қўшиқни эса ҳамма эшитади. Қўшиқ тинглаш учун алоҳида вақт ажратмайсиз. Шунинг учун қўшиқнинг маънавиятга таъсир кўлами кенгроқдай туюлади. Аммо аксарият қўшиқни тинглаш ўткинчи бўлади, лаҳзалик кечади. Яъни, бугун эшитдими, эртага бутунлай эсдан чиқаради. Битта шеър билан эса инсон қалбини анча пайтгача маҳв этиб олиш мумкин.

— Қўшиқнинг ана шу катта кучи – маънавиятга таъсирини бугунги қўшиқлар мисолида қандай баҳолаган бўлардингиз?

— Афсуски, бугун кўп қўшиқларимиз маънавиятни юксалтиришга эмас, аксинча ортга оғишига туртки бермоқда. Аёл хонанданинг «Сен бўлмасанг, бошқаси» ёки «Севиб қолдим иккисини баравар» дея куйлаши қайси ахлоқ меъёрларига тўғри келади? Ёки фақат белидаги орият белбоғини ечган эркакгина «Сени бошқасига бервориб, тўйингда йиғлаб ўтирибман», дея куйлаши мумкин. Айтмоқчиманки, мана шундай қўшиқ, уларга ёзилган матн (шеър эмас!) номусга, ориятга, иймонга, маънавиятга путур етказади. Яхшики, ҳали орамизда сўзни тушунадиган одамлар бор. Улар шеърни танлаб ўқийди, қўшиқни саралаб эшитади. Аммо боягидек «қўшиқ»ларни биз фарзандларимиз онгига мажбурлаб сингдиряпмиз, дидини шунга мослаб қўймоқдамиз.

— Талабга яраша таклиф дегандек, енгил-елпи қўшиқлар урчишига тингловчиларнинг диди ҳам сабаб бўлмаяптими?

— Ҳамма гап шунда-да! Иқтисоднинг ана шу қоидаси қўшиқчилик санъатига ҳам кириб келиб, уни бизнесга айлантирди. Маънавиятни секин четга суриб қўйди. Европадан қўшиқ ёзиш, сайқаллаш ускуналари юртимизга ҳам жадал кириб келиб, оммалашди. Умрида бирон-бир мусиқа асбобини чалишни билмаганлар ҳам компьютер орқали куй басталашга тушишди. Дидига яраша куй пайдо бўлгач, сўз ҳам қидиради-да. Умрида икки қатор шеър ёзмаган «шоир»лар узуқ-юлуқ матн­ни куйга сўз қила бошлади. Бундай қўшиққа харидор ҳам тайёр: ҳали онг-тафаккури бўм-бўш варақ бўлган ёшлар! Шу билан қарабсизки, хонанда — юлдуз!..

— Масала шунчалик долзарб экан, нега биров уларга огоҳлантириш чироғини ёқмайди. Шундай қўшиқлар жадал кўпайяпти-ку!

— Чунки бунга қарши етарлича курашилмаяпти. Биргина Ёзувчилар уюшмаси ёки «Ўзбекнаво»нинг саъй-ҳаракати камлик қилади. Бунга ҳамма масъул бўлиши керак.

Масалан, ўзим очган студиям ўн йилдан буён ишламоқда. Мен шунча вақтдан бери сўзга қо­ровул бў­либ ўтирибман. Ваҳоланки, боласининг келажагини асрамоқчи, уни маънавиятли қилмоқчи бўлган ҳар бир одам шундай қилиши керак. Италия­да операга борганлар сумкасига картошка ёки помидор солиб боришади. Тўғри ижро этолмадими, ана шу билан «сийлашади». Ўзимизнинг водий томонларда ҳам қўшиқни маромига етказмаса, «бўлди қил, э», дейдиганлар топилар эди. Ҳозир эса ҳаммамиз «менга нима…» дейдиган бўлиб қолдик.

Одамлар  қизиқ… шунча йил йиғиб-терганини бир кунда хонандага сарф этади. Тўғри, унинг нияти холис, шу артистни тўйга олиб келишни орзу қилган. Артист эса фонограммани қўяди-ю, оғзини қимирлатиб, фалон минг доллар олиб кетади…

Уларни шунга ўргатаётган – биз, ўзимиз, эмасми?!

Яна шуни айтишим керакки, бугун гўёки хонанда қўшиқнинг шеърини ҳам, куйини ҳам ўзи ёзаётгандек. Ваҳоланки, битта яхши қўшиқнинг орқасида бир неч­та одамнинг меҳнати бор. Хонанда фақат унинг ижрочиси, холос…

— Кўп шеърларингиз қўшиқ бўлган. Хонандаларга ҳеч бу ўйларингиз ҳақида гапирасизми?

— Яқинда янги китобимнинг тақдимотида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков билан шу масала юзасидан тўхталдик. «Сизни бугун бутун халқ эшитади, севимли ва машҳур хонандаларимиздан бирисиз, нега қўшиғингизнинг сўзини дунёга келтирган шоирлар ҳақида ҳеч гапирмайсиз? Масалан, қўшиғингизни фалончи шоирнинг сўзи, фалончининг  мусиқаси, дея бошласангиз биров сизни уришмас ёки қўлингиздан микрофонни тортиб олмас. Агар сиз шу ишни бошлаб берсангиз, яхши бўларди, дедим. Озодбек ҳам фикримга қўшилди. Бу шуҳратпарастлик эмас, асло! Бу ана шу қўшиққа, айтилаётган сўзларга бўлган масъулият. Тингловчи баҳо берганда шу шоирнинг дидига, ишлатаётган сўзига, умуман олганда ўзига баҳо берсин.

— Кўп хонандалар шеър йўқлигидан ёзғиришади. Шеър кўп, аммо куйга тушадиган шеър йўқ, дейишади…

—Тўғри, ҳамма яхши шеър ҳам қўшиқ бўлавермайди, чунки қўшиқнинг ўз талаб­лари бор. Очиқ бўғин, ёпиқ бўғин, унли ва ундош, жарангли, жарангсиз товушлар… ва ҳоказолар.

Яхши шеърни таниган ижодкор ёмон нарса қилолмайди.

Яхши шеърга ажойиб куй басталаётганлар ҳам бор. Абдуҳошим Исмоилов, Мусахон Нурматов, Анор Назаров каби бастакорларимиз доимо шеър танлайди,  ҳеч қачон эринмайди.

Ўша ёзғираётган хонандадан қайси шоирнинг шеърларини ўқиб кўрдинг десангиз, жавоб беролмайди. Чунки шеър ўқимайди улар.

— Фақат «махсус» қўшиқчига мослаб, махсус шеър ёзиб берадиган «махсус» шоир­лар-чи?

— Ўзини билган шоир хонанданинг ёнига ҳеч қачон шу шеъримни қўшиқ қилинг, деб бормайди. Минг афсуски, ўзини шоир атаб, хонанданинг изидан югуриб, шеърини тиқиштираётганлар ҳам бор орамизда. Шеър шоирнинг фарзандидай, гап. Ҳеч замонда  ҳам ўз боласини сотадими одам?

— Мана, сизнинг икки юзга яқин шеърларингиз ашулага айланган экан. Бунинг устига студиянгиз ҳам бор: олдингизга хонандалар шеър сўраб  келишса керак. Сир бўлмаса, қалам ҳақига қанча оласиз?

— Шу пайтгача биронта шеър учун пул олмаганман. Бу борада хонандалар олдида менинг юзим ёруғ!

Ким шеър ёзиб сотишни касб қилдими, у шоир эмас. Ўша кундан унинг шоирлиги тугайди, савдогарга, маддоҳга айланади.

— Бугун телевидение, радиода янграётган турли савиядаги қўшиқлар  ёшларнинг онгига қандай таъсир ўтказяпти, деб ўйлайсиз?

— Телевидение ва радиога қўшиқ танлашда кўпроқ маънавиятни юксалтиришга эмас, тўланган пулга эътибор қаратишяпти.

Яхши қўшиқ-ку, ёш авлод маънавиятининг шакл­ланишига ёрдам бериши мумкин, аммо ёмони дидсизликка ўргатади. Ёшлар тақлидга берилувчан бўлади. Яхшига тақлид қилса-ку яхши, аммо ҳадеб ёмонга тақлид қилаверса, унинг келажагидан хавотир олиш шарт. Эфирга қўшиқ танлаётганлар шуни ўйлаши лозим.

— Тингловчи дидини ўстириш-чи? Бунинг учун айни пайтда нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?

— Жонли ижродаги қўшиқларни кўпайтириш, телевидение ва радио орқали қўшиқлар таҳлилини ҳам бериб бориш керак, назаримда. Чунки ҳамма ҳам қўшиқни охиригача тушунавермайди. Яқинда бир киши «Қурбон ўлам» ашуласини таҳлил қилиб беринг, мен яхши тушунмадим, аммо эшитишни яхши кўраман, деб қолди. Хонанда билан иккаламиз ўтириб, шу кишига тушунтириб бердик. Хурсанд бўлиб кетди. Шунга ўхшаб, телевидениеда ҳам шоир, бастакор, хонанда бир қўшиқни таҳлил қилиб беришса, асл қўшиқ қандай бўлишини тушунишда халққа катта ёрдам берган, айниқса, ёш авлоднинг дидини асраган бўларди.

— Баъзан айтишадики, булар ҳар даврнинг ўткинчи муаммоси, вақт ҳаммасини ўз ўзанига туширади. Бунга шундай қараш тўғримикан?

— Нима бўлганда ҳам, буларни гапириш маънавият йўлини тутган, фикри теран, қалби уйғоқ бўлган ҳар бир одамнинг бурчидир. Қолаверса, одамлар кўпроқ моддиятга, қўполроқ айтганда, молпарастликка ружу қўйган паллада, эриш туюлса ҳам китоб, шеър, савия, маънавияту маърифат ҳақида кўпроқ гапирмасак, ўша ўткинчи муаммолар ҳам илдиз отиб кетаверади.

Бугун реклама даври. Реклама орқасидан хонандадан рассомгача ўз йўлини топяпти. Аммо нега шаҳарнинг энг гавжум жойида янги китоб чиққани ҳақида баннер осиб қўйилмайди? Телевидениеда китоб ҳақида қизиқарли роликлар бериб борилмайди? Ахир китобнинг ўрни концертдан кам эмас-ку!

 

Гўзалой МАТЁҚУБОВА суҳбатлашди.

“Оила даврасида” газетасидан олинди.