Америкалик судья: “Ўзбекистон замонавий ва дунёвий мамлакат”

Ўзбекистонга АҚШ федерал суд маркази директори Жереми Фогель бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Олти кунлик сафар доирасида делегация аъзолари Ўзбекистон олий суд ва қонунчилик тизими раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Хусусан, ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари Ўзбекистон Олий судида музокара олиб боришди. Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

“Делегациямизнинг Ўзбекистонга ташрифидан асосий мақсад суд ҳокимияти соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Аввало, бу кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон ва АҚШ суд тизимини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришдир. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бир қатор соҳаларда ҳамкорликни давом эттирамиз. Шуни айтишим керакки, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон суд тизими вакилларидан иборат делегация уч марта АҚШга ташриф буюрди. Биз истиқболда судьяларни тайёрлаш, амалдаги қонунчиликни таҳлил қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишни истаймиз. Менга маълум бўлишича, Ўзбекистонда суд ва қонунчилик ҳокимияти соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Табиийки, ушбу ўзгаришлар доирасида биз ҳар томонлама кўмак беришга тайёрмиз”, деди делегация раҳбари.

АҚШ федерал суд маркази директори Жереми Фогель Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрганини қайд этиб, меҳмоннавозлик учун миннатдорлик билдирди. “Бу ерга келгунимга қадар Ўзбекистон ҳақида кўп ўқиганман. Мамлакатингиз бой тарих, маданиятга эга бўлиб, Самарқандга ташриф буюришни режалаштиряпмиз. Шаҳарнинг диққатга сазовор ва муқаддас қадамжоларини, аҳолининг қадрият ва одатларини кўришни ният қилганмиз. Аэропортга қадам қўйишим билан ҳис қилган нарсам шу бўлдики, Ўзбекистон замонавий ва дунёвий мамлакат”, деди у.

SHARE