Ўзбекистон ва Жанубий Корея: нега узоқдаги қариндош яқиндаги қўшнидан яхши?

Маълумки, май ойининг 27-29 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Корея Республикаси Президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан ушбу мамлакатда давлат ташрифи билан бўлди.

Ислом Каримовнинг ушбу мамлакатга амалга оширган еттинчи ташрифи доирасида 7,7 миллиард долларлик шартнома ва битимлар имзоланди. Ўзбекистон раҳбарининг шу йил 29 мартдаги сайловдаги ғалабасидан сўнг олий даражадаги илк ташрифи тимсолий аҳамиятга эга бўлиб, маҳаллий ва минтақа матбуотида кенг ёритилди.

Хўш, Ислом Каримов сайловдан сўнг илк давлат ташрифини Қозоғистон, Хитой, Россия ёки бошқа мамлакатдан эмас, нега айнан Жанубий Кореядан бошлади?

Москва давлат халқаро алоқалар институти (МГИМО) тадқиқот маркази директори Андрей Казанцевнинг айтишича, Ўзбекистон Президентининг айнан Жанубий Кореяга сафар қилиши бежизга эмас. Бунинг иккита сабаби бор. Аввало, Ислом Каримов на Москвага, на Ғарбга борди. Бу билан у Ўзбекистон мустақил давлатлигини, ўз сиёсатини мустақил олиб боришини, Россиянинг хоҳишига қараб иш тутмаслигини яққол кўрсатди. Ислом Каримов бу сафари билан Вашингтон, Пекин ва Москва учун ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмади. Чунки, экспертнинг фикрича, Жанубий Корея жаҳон сиёсатида алоҳида ўринга эга бўлишга, ҳатто Марказий Осиёда ҳам етакчи куч бўлишга даъво қилмайди.

Андрей Казанцевнинг фикрича, иккинчи сабаб Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиётининг йирик инвестори ҳисобланади. Дарҳақиқат, Жанубий Корея ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаморлиги тобора чуқурлашиб бормоқда.

ЎзАнинг ёзишича, савдо-сотиқ соҳасида мамлакатлар ўртасида 1992 йилдан буён энг кўп қулайлик яратиш тартиби амал қилмоқда. Ўзбекистонда кореялик сармоядорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган 412 корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 68 таси тўла ушбу мамлакат капитали асосида тузилган. Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг 79 компанияси ваколатхоналари очилган. 2014 йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон автомобилсозлигига Жанубий Кореянинг 20 компанияси жалб қилинган, 17 қўшма корхона тузилган. Буларнинг барчаси икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг аҳамиятини кўрсатиб беради.

“Независимая газета”нинг ёзишича, Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг йирик корейс диаспораси — 200 минг нафарга яқин корейс истиқомат қилади. Ўзбекистондаги 13 та олий таълим муассасасида, 28 та мактаб ва лицейда корейс тили ўқитилмоқда. Бу омиллар ҳам иккитомонлама муносабатларнинг ривожланишига туртки берувчи жиҳатлардан ҳисобланади.

Юқорида алоҳида қайд этилганидек, Ўзбекистон Президентининг сайловдаги ғалабасидан сўнг илк олий даражадаги ташрифни Жанубий Кореядан бошлаши замирида ўзига хос маъно бор.

Аввало, ушбу Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бугунги кундаги устуворлиги қайсига йўналишга қаратилганини кўрсатади. Чунки Ўзбекистон сўнгги йилларда барча йўналишда Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳам изчил сиёсий мулоқот олиб бормоқда. Араб мамлакатлари билан ҳам алоқалар тобора кенгаймоқда. Сайловдан сўнг айнан Жанубий Кореянинг танлангани ана шу сиёсий йўналишдаги устуворлик у ёки бу гегемон давлатлар фойдасига эмас, балки фақатгина Ўзбекистоннинг манфаатларига қаратилганидан далолатдир.

Иккинчидан, Жанубий Корея билан тўғридан-тўғри мулоқотлар Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатларига ҳам ижобий туртки берадиган омиллардан ҳисобланади. Чунки Жанубий Корея ва АҚШ стратегик шерик давлатлар бўлиб, Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида Жанубий Кореянинг аҳамияти жуда катта. Хусусан, Афғонистондаги инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда, қолаверса, Навоий логистика маркази имкониятларидан фойдаланишда АҚШ ва Жанубий Корея манфаатлари ўзаро уйғунлик касб этмоқда. Масалан, Жанубий Кореянинг собиқ Президенти Ли Мён Бак Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида муносабатларнинг илиқлашиши (ярашиши) ташаббускори бўлган. Бу ҳақда у ўзининг “Президентлик даври, 2008-2013” деб номланган янги эсдаликларида қайд этган. Эслатиб ўтамиз, Ли Мён Бак айнан ушбу йилларда Жанубий Кореяни бошқарган.

Учинчидан, Жанубий Корея Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотларни амалга оширишда яқиндан ёрдам бераётган мамлакатлардан бири бўлиб, бу саъй-ҳаракатлар ортида Ўзбекистон қандайдир ғаразли мақсадларни кўрмаяпти. Буни, айниқса, “электрон ҳукумат”нинг жорий этилишида айнан Корея тажрибасидан кенг фойдаланилаётгани, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосарларидан бири айнан жанубий кореялик мутахассис эканлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Хулоса қилиб айтганда, гарчи халқимизда узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг афзал дейишса-да, Жанубий Корея ва Ўзбекистон муносабатлари яхши қўшничиликдан кўра кўпроқ ва олийроқ қадриятларга асосланиши билан аҳамиятлидир.

Мурод ҒОФУРОВ