Ўзбекистонда транспорт соҳаси жадал суръатларда ривожланиши учун ушбу соҳага киритилган инвестициялар ҳажми 2030 йилга қадар 47 миллиард долларга етиши керак. Бу ҳақда “Газета.uz” сайтида Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон — Латвия — Европа Иттифоқи мамлакатлари транспорт йўлаги” халқаро конференциясидаги маълумотларга асосланиб хабар тарқатди.

Иқтисодий тадқиқотлар маркази лойиҳалар раҳбари Бахтиёр Эргашевнинг маълум қилишича, мамлакат ялпи ички маҳсулоти йилига 8 фоизга ўсган тақдирда юк ташиш ҳажмининг зарур суръатларини таъминлаш учун 46,7 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиш керак бўлади.

Экспертнинг таҳлилларига кўра, юк ташиш ҳажми ўрта муддатли истиқболда 9,2 фоиз ўсиши лозим. Бошқача айтганда, яқин 15 йил ичида юк ташиш ҳажми 4,4 бараварга, яъни 6,04 миллиард тоннага ўсиши керак. Айни пайтда транспорт тармоғидаги инвестициянинг мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажмига нисбатан улуши 3,35 фоиздан 4,6 фоизга, ҳозирги йиллик 2,1 миллиард доллардан 2030 йилга бориб 5,1 миллиард долларга етиши керак.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳукуматининг 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул қилинган бўлиб, траснпорт инфратузилмасини ривожлантиришга 10 миллиард доллар йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Конференцияда Европа Иттифоқи мамлакатларининг Ўзбекистон билан иккитомонлама асосда транспорт соҳасида ҳамкорлиги, шунингдек, Европа ва Осиё ўртасида транзит лойиҳалари муҳокама қилинди. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатларининг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан Россия ва Қозоғистон бўйлаб Латвия портлари орқали юк ташишини мақбуллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

SHARE