Ўзбекистонда Француз альянси иш бошлади

Тошкентда Француз альянси нодавлат нотижорат ташкилоти иш бошлади. Янги муассаса 2011-2014 йилларда фаолият юритган Француз институти ўрнида таъсис этилди.

Шу муносабат билан Тошкентда жорий йил 3 июнь куни ўтказилган матбуот анжуманида Француз альянси раҳбарияти ҳамда Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жак Анри Эльс иштирок этди.

“Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат муассаса сифатида рўйхатдан ўтказилган Француз альянси илгариги Француз институти сингари француз тили ва маданиятини ўрганишга иштиёқи баланд фуқароларимиз, шунингдек, Франция ҳамда бошқа француззабон давлатларда таълим олиш, илмий тадқиқот қилишни истаган ёшларга француз тили бўйича юқори сифатли ўқув курслари ташкил этади”, деди Тошкентдаги Француз альянси раиси Шоазим Миноваров.

Ўзбекистон ва Франция Ташқи ишлар вазирлари 2014 йил 7 ноябрь куни маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Тошкентда Француз альянсини таъсис этиш тўғрисида битим имзолаган эди.

Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак Анри Эльс янги ташкил этилган маърифат маскани икки томонлама дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Француз элчиси, айни чоқда, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барча давлат ташкилотларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Дипломатнинг маълум қилишича, яқин йилларда Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам Француз альянсининг филиаллари ташкил этилади.

Тошкентдаги Француз альянси икки ойлик жадал француз тили курсларига тингловчиларни рўйхатга олишни бошлаган. Альянс раиси Шоазим Миноваровга кўра, йил давомида учта уч ойлик француз тили курслари ташкил этилади. Болалардан катталарга қадар – турли ёшдаги аудиторияга мўлжалланган дарслар ўзбекистонлик ва франциялик юқори малакали мутахассислар томонидан олиб борилади.

Француз альянси 2014 йил 30 июнда Тошкентда фаолияти тўхтатилган Француз институтининг асосий вазифаларини бажариши кутилмоқда. Франция элчихонаси илгари Француз институтига тегишли бўлган бино, жиҳоз ҳамда ахборот ресурсларини альянсга топширди. Элчихона қошида фаолият юритадиган Француз институтларидан фарқли ўлароқ Француз альянси иши маҳаллий қонунчилик асосида йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, Француз альянсининг асосий мақсади Ўзбекистонда француз тилини ўргатишга ҳисса қўшиш, турли маданий тадбирлар ўтказиш орқали икки давлат халқларининг бир-бирини чуқур англашига кўмаклашиш, ўзаро дўстликни ривожлантириш, Ўзбекистондаги француз тили мутахассисларига услубий кўмак кўрсатиш ҳамда француз тили ва маданиятини кенг тарғиб этишдан иборат.

Француз альянслари тармоғига 1883 йили Парижда дипломат Поль Камбон асос солган. Бугунги кунда мазкур глобал тармоқ 140 га яқин мамлакатдаги 850 дан ортиқ альянсни бирлаштирган. Ушбу муассасаларда дунё бўйлаб 500 мингга яқин тингловчи таҳсил олади.

Француз альянси очилишига бағишланган матбуот анжумани доирасида таниқли ўзбек ёзувчиси Эркин Аъзамнинг Парижда француз тилида чоп этилган “Adieu aux contes de fées” (Эртак билан хайрлашув) китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Франция элчисининг маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Оливье Гийом мазкур китоб француз ўқувчиларига замонавий ўзбек адабиётини таништиражагини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси шафелигида таржима қилиниб, чоп этилган “Эртак билан хайрлашув” тўпламига атоқли адибнинг турли йилларда ёзган тўрт сара асари (“Шовқин” романи, “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссаси, “Ёзувчи” ва “Аралашқўрғон” ҳикоялари) киритилган.

Собир Салим

 

 

SHARE