2015 йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ савдо вазирининг глобал бозорлар бўйича ёрдамчиси Арун Мадҳаван Кумарни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар тарқатди.

Учрашувда Ўзбекистон-Америка кун тартибининг асосий масалалари, аввало савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

АҚШ савдо вазири Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматида, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида, Савдо-саноат палатасидаги учрашув ва музокаралардан олган таассуротларини сўзлаб берди. Суҳбат чоғида бизнес алоқаларини ўрнатиш мақсадида мамлакатимизга келган АҚШ ишбилармонлар доиралари вакиллари иштирокида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган давра суҳбатига тайёргарлик тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, навбатдаги икки томонлама тадбирларни ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашувда АҚШ элчиси Памела Леора Спратлен хоним ҳам иштирок этди.