Пан Ги Мун Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради

Кейинги ҳафта БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Марказий Осиё мамлакатларига сафари бошланади. Пан Ги Мун шу йилнинг 9 июнь куни Тожикистонга ташриф буюради ва “Ҳаёт учун сув” халқаро конференциясида иштирок этади. Душанбеда у Эмомали Раҳмон билан мулоқот ўтказади, Сарез кўлини бориб кўради.

10 июнь куни БМТ Бош котиби Қозоғистонга ташриф буюради ҳамда тинчлик ва анъанавий динлар етакчиларининг бешинчи конгрессида иштирок этади. Остонада у Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев, бош вазир Карим Насимов ҳамда ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов билан учрашади.

11 июнь куни эса Пан Ги Мун Қирғизистонга ташриф буюради. У ерда у тараққиёт ва парламентаризм масалаларига бағишланган халқаро конференцияда нутқ сўзлайди. Бош котиб Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев ва парламент раҳбари Асилбек Жээнбеков билан учрашади.

Пан Ги Мун, шунингдек, 2010 йилда этник зўравонлик содир бўлган Ўшга ташриф буюриб, фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарлари билан мулоқот ўтказади.

БМТ бош котиби Ўзбекистонга эса 12 июнь куни келиб, мамлакат раҳбари Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.

13 июнь куни эса Пан Ги Мун Марказий Осиё турнесининг охирги мамлакати — Туркманистонга ташриф буюради ва расмий шахслар билан мулоқот ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Пан Ги Мун 2010 йил апрель ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Оролбўйи минтақасида бўлган эди.

SHARE