Ўзбекистоннинг бош ҳаво дарвозаси — Тошкент халқаро аэропортида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилади.

Бу ишлар дунёнинг энг илғор ва йирик аэропортларидан бири “Инчхон” халқаро аэропорти технологияси ва тажрибаси асосида рўёбга чиқарилади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг халқаро ҳамкорлик бўйича агентлиги (KOICA) вице-президенти Чве Сонг Хо “Подробно” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

“Яқин кунларда Жанубий Кореялик экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлаш учун келади. Аэропортни модернизациялаш дунёнинг йирик аэропортларидан бири — “Инчхон” халқаро аэропортида қўлланиладиган технология ва тажриба асосида амалга оширилади. Биринчи босқичда биз лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда иштирок этамиз. Сўнг Тошкент халқаро аэропортини модернизация қилишни молиялаштиришда иштирок этишга тайёрмиз. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлашга 4 миллион доллар ажратилади. У икки йил давомида ишлаб чиқилади ва 2016 йил охирига бориб тайёр бўлади”, деб қайд этди Чве Сонг Хо.

Ўзбекистон тарафига кўра, 2018 йилнинг охирига қадар “Тошкент” халқаро аэропортида “Тошкент—4” замонавий халқаро терминалини қуриш режалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳага 312 миллион доллар йўналтириш кўзда тутилмоқда. Мазкур маблағларнинг аксарият қисми чет эл инвестициясидир.