АҚШ ҳукумат идораларининг 4 миллион нафарга яқин ходимининг шахсий маълумотлари хакерлар томонидан ўмарилган. Бу ҳақда The Washington Post газетаси хабар тарқатди.

Маълумотлар АҚШда давлат идораларига ходимларни ёллашга масъул бўлган Ходимларни бошқариш федерал хизмати базасидан ўмарилган. Ушбу маълумотлар ҳозирги кунда ишлаётган ходимлар билан бирга лавозимидан озод қилинган ходимларга ҳам тааллуқлидир.

Газетанинг манбаларига кўра, ушбу кибераҳужум ортида хитойликлар хакерлар турган бўлиши мумкин.

АҚШ миллий хавфсизлик вазирлиги хакерлик ҳужуми оқибатида маълумотлар оммавий равишда ўмарилганини тасдиқлаган. Вазирликка кўра, киберҳужум шу йилнинг май ойида юз берган.

The New York Times газетасининг ёзишича, Хитой ҳукумати ташқи ишлар маҳкамаси матбуот хизмати ушбу хакерлик ҳужуми ортида Хитой тургани ҳақидаги гапларни рад қилиб, бундай иддаоларни “масъулиятсизлик” деб атади.

SHARE