Шу йилнинг 7 июнь куни Туркияда парламент сайлови бўлиб ўтди. Мамлакатда 53,7 миллион сайловчи бўлиб, улар парламентнинг 550 нафар вакилини сайлади. “Ҳуррият” газетасининг ёзишича, санаб чиқилган овозларнинг 99 фоизи таҳлилларига кўра, президент Эрдўғаннинг партияси — Адолат ва тараққиёт партияси жами овозларнинг 40 фоизини қўлга киритди. Бу 258 та депутатлик ўрни бўлиб, парламент кўпчилигини ташкил қилиш учун 18 та ўрин камдир.

Мухолиф партия — Халқ-республикачилар партияси эса 25 фоиз атрофида овозни қўлга киритди. Бу 132 та депутатлик ўрни деганидир. Миллий ҳаракат партияси эса 16,5 овозни қўлга киритган бўлса, биринчи марта партиявий рўйхат бўйича курдлар муаммосига эътибор қаратган Халқ демократик партияси 13 фоиз овоз билан парламентда ўрин эгаллаш учун зарур бўлган 10 фоизлик чекловдан ўта олди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сайлов кампанияси жуда қизғин ва кескин кечди. Мухолифат вакиллари Адолат ва тараққиёт партияси Эрдўғанни сўнгги йилларда авторитар тизимга мойиллиги учун жиддий танқид қилди. Эрдўған, шу жумладан, коррупция ва бойликка ўчликда айбланди. Сайловлардан бир неча кун аввал мамлакат президенти янги сарой қурилишига сабаб эски қароргоҳини таракан босиб кетганлиги сабаб бўлганлигини айтган.

Туркия президенти, гарчи мамлакат конституциясига биноан сайловларда бетараф туриши лозим бўлса-да, республика конституциясини ўзгартириш учун мутлақ кўпчилик ўринни эгаллаш мақсадида сайлов кампаниясида билвосита иштирок этди. Чунки расман асосий ҳокимиятга эга бўлган мамлакат бош вазири Аҳмет Довутўғли Туркияда президент институтини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.

Эрдўған сўнгги пайтларда мамлакатдаги ижтимоий тармоқлар, либерал оммавий ахборот воситалари, хусусан, “Ҳуррият”, “Жумҳурият” газеталарига суд ва тергов билан таҳдид қилди.

Туркия ҳукумати сайлов куни турли террористик ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида 400 минг нафардан ортиқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини сайлов жараёни хавфсизлигини таъминлашга жалб қилди. Айрим тоғли ҳудудларга, хусусан, Диёрбакирга сайлов комиссияси вакиллари ҳарбий вертолётларда олиб борилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, сайлов натижалари Эрдўғаннинг мутлақ имкониятларнини чеклаган ҳолда мамлакат конституциясини ўзгартиришга тўсиқ қўяди. Албатта, ҳукуматни шакллантириш ҳам осон кечмайди.