the-uff.com

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Янги Зеландияда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи сўнгги турида Фижи термасини йирик — 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва нимчорак финалга йўл олди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Вангарей шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Равшан Ҳайдаров шогирдларини навбатдаги босқичга чиқиш учун учрашувда фақат ғалаба қониқтирар эди. Ўйиннинг биринчи бўлимида кўплаб вазиятлар яратилган бўлса ҳам, унда ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимнинг 62 дақиқасида эса Элдор Шомуродовнинг зарбасини дарвозабон ушлаб қола олмади ва ўйинда ҳисоб очилди. Орадан бир дақиқа ўтгач эса, Забиҳилло Ўринбоев Фижи дарвозасига иккинчи голни урди. Ўйиннинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалари ўтиб бораётганда захирадан майдонга туширилган Миржамол Қосимов ҳисобни йириклаштирди – 3:0.

Гуруҳнинг параллел тарзда кечган учрашувида эса Германия Гондурас терма жамоасини йирик 5:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Ушбу натижа Ўзбекистонга тўплар нисбатига кўра иккинчи ўринни олиш имконини яратди. Шу тариқа, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси нимчорак финалга йўл олди ва унда B гуруҳида иккинчи ўринни қўлга киритган Австрия терма жамоасига қарши ўйнайди. Ушбу учрашув ҳам Вангарей шаҳрида бўлиб ўтади.

SHARE