Ўзбекистонда “Билайн” компанияси огоҳлантирилди

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси “Unitel” МЧЖ (“Билайн”) томонидан сўнги пайтда мобиль алоқа хизматлари сифати ва радиочастота спектридан фойдаланишда норматив ҳужжатлар талаблари бузилаётганлигини аниқланган.

Инспекция расмий сайтида ёзилишича, бу ҳуқуқбузарликлар “мобиль алоқа хизматларидан фойдаланувчи абонентлардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили ва мониторинг натижаларига кўра” аниқланган.

Хабарда қайд этилишича, “Unitel” МЧЖ мобиль алоқа тармоғида 90 та таянч станциялардан ўрнатилган тартибни бузган ҳолда фойдаланган. Мазкур қоидабузарлик ҳолати бўйича Инспекция томонидан тегишли кўрсатма берилган. Ўз навбатида, компания кўрсатма ижроси таъминланганлиги ҳақида маълумот тақдим этган.

Аммо, кўрсатма ижроси таъминланганлигини аниқлаш бўйича такрорий ўтказилган радиомониторингда Қашқадарё вилоятида 2 та таянч станцияларидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Шу билан бирга, абонентлардан тушган мурожаатларга кўра, бошқа қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Яъни 2015 йилнинг 10 февралида Компания тармоғида содир бўлган мобил интернет пакетларни тақдим этиш хизматида содир бўлган техник тўхталиш, яъни интернет пакетлар тақдим этилганлигини тасдиқловчи СМС хабарларнинг кечикиш билан келганлиги оқибатида мижозлар ҳисобидан асосланмаган ҳолда пул маблағларини ечиб олинишига олиб келган.

Компаниянинг мижозларга хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда жисмоний шахс номидаги телефон рақами ўчирилган ва ноқонуний равишда бошқа жисмоний шахсга расмийлаштирилган. Натижада ушбу ходимлар ўз хизмат вазифасидан озод этилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 11 майдаги мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра кўрсатилган хизматлар детализацияда чиқиш кўнғироқлар бир неча кун кечикиш билан қайд этилиши аниқлаган, лекин мижозларга детализация шаклидаги маълумотларни кечикиш билан тақдим этиш шартлари ҳеч қаерда кўрсатиб ўтилмаган ва мазкур ҳолат билан тўқнаш келган мижозлар бехабар қолмоқда, натижада бу каби мурожаатлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Мижозларга тарифларнинг ўзгариши, кўрсатиладиган хизматлар тартиби ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги тўлиқ маълумот берилмаслиги ёки мижозларни хабардор қилиш усуллари етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида, мижозлар томонидан шикоятлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда.

Жорий йилнинг январ ва май ойлари оралиғида Инпекцияга келиб тушган мурожаатлар таҳлили, шикоятлар сони ўтган йилга нисбатан таққослаганда 29,7 фоизга ошганлиги, бундан 74 фоизини мобиль алоқа хизмати сифати бўйича, жумладан тармоқ қамров ҳудуди, муваффақиятсиз боғланишлар улуши, юкланган секторлар улуши, маълумотлар алмашиниш тезлиги, алоқани тиклаш вақти юзасидан бўлган шикоятларни ташкил этади. “Бундан кўриниб турибдики, Компания томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш ва камчиликларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз”, дейилади хабарда.

Инспекция компанияга юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ва мобиль алоқа хизматини кўрсатиш фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатма берди. Шу билан бирга, кўрсатмадаги талаблар бажарилмаган тақдирда тегишли чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантирди.

SHARE