Ўзбекистонда ҳар йили 45 миллион нусхадан ортиқ китоб нашр этилмоқда

Ўзбекистонда ҳар йили 45 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этилмоқда. Бу ҳақида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Омонулла Юнусов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ўтказилган анъанавий китоб байрамида маълум қилган.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2015 йил 1 май ҳолатига кўра 110 та нашриёт, 1650 та матбаа корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган.

Республика нашриётлари томонидан ҳар йили 3 минг номдан зиёд, умумий адади 45 миллион нусхадан ортиқ турли китоб маҳсулотлари нашр этиляпти. Бу йилги байрам дастурига соҳада фидойилик кўрсатаётган нашриётлар ва китоб дўконларини тақдирлаш ҳам киритилди.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррири Абдураҳмон Жўраевнинг айтишича, байрамда иштирок этаётганларнинг кўпчилиги мактаб ўқувчилари. “Болаларнинг китобга эҳтиёжи катталарникидан баланд эканини тан олмасдан иложимиз йўқ. Фақат ота-оналар бошланғич синфда ўқиётган фарзандига 300 минг сўмга телефон олиб бериш ўрнига, шунинг ярмини китоб олишга сарфласа, уйида мўъжазгина кутубхона пайдо бўлади. Бу иш телефондан кўра анчайин маъқулроқ ва фойдалироқ эканини тўғри тушунишлари зарур”, деди у.

SHARE