Дафтарлар муқоваларида “шоу-бизнес” вакилларининг суратлари бўлмайди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан таълим муассасалари учун полиграфия маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича умумий техник йўриқнома тасдиқланди. Мазкур йўриқнома 2015 йилнинг 8 декабридан амал қилишни бошлайди.

Янги таомилга мувофиқ, ёзув учун полиграфия маҳсулотлари (мактаб ва умумий дафтарлар, кундаликлар, расм чизиш ва бўяш альбомлари)нинг биринчи бетида ижтимоий-гуманитар, математика, табиий ва аник фанлар тарақққиётига улкан ҳисса қўшган олимлар, мутафаккирлар, буюк тарихий шахслар, давлат арбоблари, ёзувчи ва шоирлар суратлари, уларнинг ҳаёти ва ижоди, кашфиётлари тўғрисидаги тасдиқланган қисқа маълумотлар ҳамда ўгитларини жойлаштириш мумкин.

Бундан ташқари, ёзув учун полиграфия маҳсулотининг тўртинчи бетида Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ахборот материаллари, алифбо, давлат мадҳияси, тарихий саналар ва грамматика қоидалари, Пифагор жадвали, муаммоли масалалар, турли ўлчов бирликлари, масала ва мисолларни ечиш намуналарининг жойлаштирилишига йўл қўйилади.

Янги йўриқномага асосан, полиграфия маҳсулотларининг биринчи бетида бошқа турдаги маълумотларни жойлаштириш мумкин эмас.

SHARE