Олий Мажлис Сенати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Германияда бўлди. Бу ҳақида “Жаҳон” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад Германия Федератив Республикаси парламент тизимининг ривожланиши, олий қонунчилик органи фаолияти ва унинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари билан ўзаро муносабатлари ҳамда янги ахборот технологияларидан қўлланиш тажрибасини ўрганишдан иборатдир.

Сафар доирасида Бундестаг (парламент), Бундесрат (федерал ерлар палатаси), ГФР Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Бранденбург федерал ери Ландтагида (парламентида) учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари немис парламенти, федерал парламент ҳамда федерал ерлар парламентларининг асосий тамойиллари ва фаолият механизмлари, қонун ижодкорлиги ишининг ташкил этилиши, парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, ҳукуматнинг бошқа органлари билан ўзаро муносабати, қабул қилинадиган қонуний ҳужжатларнинг амалда ҳаётга тадбиқ этилиши самарадорлиги ва таҳлил тизими тажрибалари билан ҳар томонлама танишдилар.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Германия Федератив Республикаси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Германияда Ўзбекистон делегациясининг ташрифига юқори баҳо берилди. Германия қонунчилик ва ижро ҳокимиятларининг вакиллари ушбу сафар Ўзбекистоннинг жаҳондаги илғор тажрибани ўрганиш ва қўллаш асосида давлат бошқарувида парламент ролини кучайтиришга бўлган содиқлигининг яққол тасдиғи бўлганини қайд этдилар.

SHARE