Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси “оммавий маданият” бўйича мурожаат қабул қилди

Яқинда “Маънавиятимизни асраб қолайлик!” номли маърифий тадбири бўлиб ўтди. Унда қўмитанинг тегишли мурожаати қабул қилинган. Мурожаат матни ҳудудий нашрларда эълон қилинган. “Ватандош” газетаси ушбу мурожаатни жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этади.

Мурожаатда қайд этилишича, Истиқлол йилларида маънавий-маърифий ишларнинг янги, давр талаби ва манфаатларига мос такомиллашган тизими шакллантирилди. Глобаллашув даврида юртимизда ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан асраш борасида улкан ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бу борада юртимиздаги телерадиоканаллар, газета, журналлар, веб-саҳифалар, айрим маърифий эшиттириш ва кўрсатувлар ҳамда нашр¬ларнинг энди ўсиб келаётган ёшларимиз маънавиятининг янада юксалиши, миллий қадриятларимизни асрашга қўшаётган ҳиссаси таҳсинга лойиқ.

Бироқ маънавий ҳаётимизда камчилик ва муаммолар ҳам талайгина. Кейинги пайтда айрим салбий кўрсаткичлар юқорилаб, қизларимизнинг одоб-ахлоқи, кийиниш маданияти, йигитларнинг ғурур ва шаън, оила муқаддаслиги бўйича тушунчалари пасайиб бормоқда. Чунки, мунтазам тарзда “оммавий маданият” иллатлари интернет, телеканал ва оммавий ахборот воситалари орқали хуруж қилиб турибди.

Жумладан:

—Хонандаларнинг турли ажнабий ва миллийликка ёт бўлган, ҳаддан ортиқ очиқ кийимларни кийишлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларни экранларга узатилаётгани, шундай хонандалар очиқдан-очиқ қўллаб-қувватланаётгани;

—Техник асбоб-ускуналар, жиҳозлар барчаси мавжуд, хонандалардан фақат ижодий изланиш талаб қилинаётган бир пайтда, айрим ёш ижрочилар санъатга бир ҳавас, шунчаки бир эрмак сифатида қараётгани, натижада, енгил-елпи, саёз қўшиқлар урчиб, кенг оммага тарқатилаётгани, бу қўшиқлар ёшларнинг маънавияти, руҳиятига таъсир ўтказиб, дидини бузаётганини;

—саёз қўшиқ матнлари муаллифлари, шеър ўғрилари бўлган сохта қаламкашларнинг хатти-ҳаракатлари лоқайдлик билан кузатиб турилгани, уларга чора кўрилмаётгани;

—рақс санъати ўз нозиклигини йўқотиб, янги давр раққосаларида қўпол ва қалтис ҳаракатлар билан туйғуларни ифодалаш одати пайдо бўлгани, либосларда безакларни ҳаддан ошириб юбориш каби камчиликларга рақс мактабининг муносиб ворислари лоқайдлик билан муносабатда бўлаётгани;

—баъзи сериалларда отаси ва ўғлининг бир аёлга интилиши ёки миллий сериалларда аксарият ҳолларда ўзбек аёлларини беандиша, калтабин қайнона тарзида кўрсатиш ҳоллари мавжудлиги;

—”Кўнгилочар индустрия” “мақоми”ни олган олди-қочди, интим воқеликлар, суратлар, турли қотилликлар, машҳур кишиларнинг ишқий можароларини акс эттирувчи “сариқ матбуот”нинг демократия ниқобида фаолият юритиши устидан назорат камлиги;

—айрим телебошловчи қизларнинг кийиниш ва пардоз маданиятининг етарли эмаслиги, баъзи бошловчилар ўзларига ҳаддан ортиқ оро бериб, ўта ялтироқ, бачкана безакли либослар билан экранда кўринаётгани;

—радиобошловчиларнинг турли жаргон сўзларни ишлатиши, ўзларини бачкана тутиши, ўзбек тилидаги сўзларни бузиб қўллаши;

—тўйларни бошқараётган бошловчилар фаолиятини тартибга солиш;

—лавозим эгалари ва мулкдорларнинг тўй ва маросимларда дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўяётгани, янгича иллатлар кундан кун илдиз отиб, ғарбона одатлар, яъни, келинларнинг ўта очиқ ва қимматбаҳо кийимларни кийиши, гул отиш, келиннинг ўз тўйида ўртага тушиб рақсга тушиши, қатор машиналарда загсдан ўтиш, торт кесиш, келин-куёв танишувини ёритувчи махсус видео ролик—”севги қиссаси” (“love store”)ни намойиш этилиши ва “келин салом” маросимини тантаналар зали (ресторан)да ўтказилиши каби янгича урф-одатлар пайдо бўлди.

Юқоридаги салбий ҳолатлар таъсири оммавий маданиятнинг кенгроқ илдиз отишини таъминлаб, қўлдан бой бериб қўйсак ҳеч қачон ўрнини тўлдириб бўлмайдиган маънавий бойлигимизга дахл қилмоқда. Мазкур муаммолар Президентимиз таъбири билан айтганда: “…халқимизнинг соғлом тафаккури, асрий тажрибаси, кўпни кўрган оқсоқоллар, ота-оналар, опа-сингиллар ва тийран фикрли ёшларнинг, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчиликнинг қатъияти билан оқилона ҳал қилиниши лозим”.

Биз азалдан ўзаро келишув, жамоавий битимлар асосида ва “Бир болага етти қўшни ҳам ота ҳам она” ўгитини ҳаёт тарзимизга айлантириб яшаб келмоқдамиз. Фуқаролик жамияти қураётган давлат сифатида эса жамоатчилик фикри билан келишмоққа, уни инобатга олиб ҳаёт кечирмоққа мажбур ва масъулмиз.

Яна бир ҳақиқат борки, тараққиёт нечоғлик чўққига чиқмасин, турли ахборот хуружлари ташқаридан ёки ичкаридан ҳужум қилмасин, ҳар бир миллатнинг, давлатнинг ўз маънавий мезонлари, жаҳолатга қарши маърифий чоралари бўлиши шарт”. Атрофимизда юз бераётган ғоявий таъсирларнинг айримларини, масалан, сериалларни саралаш, хонанда ва раққосаларнинг кийимига, клипларни ишлаш, матнларни танлаш, тўйларни ўтказишга маълум шартларни, яъни миллий мезонларни белгилаш вақти келди!

Xotin-qizlar-qomitasi-680x462

Шу боис қуйидагиларни тавсия қиламиз:

1. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси қошидаги Бадиий кенгашлар фаолияти ва кенгашлар таркибини қайта кўриб чиқиш, улар фаолиятининг очиқлигини ва ҳар бир қўшиқ ва клип юзасидан эътироз ёки камчиликларни аниқ ва манзилли тарзда билдиришини таъминлаш;

2. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда миллий эстрадани мувофиқлаштириш ва ривожлантириш Жамоатчилик кенгаши ҳузурида кенгайтирилган Бадиий Кенгаш тузиш ва Кенгашга қўшиқлар, клипларни барча давлат ва нодавлат теле-радио каналларда узатишга тавсия қилиш ваколатини бериш;

3. Эфирга узатилаётган ҳар бир клип ва қўшиққа, хонандаларнинг либосларига жиддий ва мукаммал талаблар ишлаб чиқиш;

4. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Шеърият кенгаши фаолиятини кучайтириб, эфирга узатилаётган қўшиқ матнларини ушбу кенгаш тасдиғидан ўтказишни ташкил этиш, шунингдек, бадиий жиҳатдан саёз, ёшлар дидини ўтмаслаштирадиган, “оммавий маъданият”га хизмат қиладиган китобларни чоп этилишига чек қўйиш мақсадида фақат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва уюшманинг вилоят бўлимлари масъуллари тавсияси билангина нашрга рухсат беришни йўлга қўйиш;

5. Хонандалар эфирда, клипларда ва тўйларда кияётган либосларининг дизайни бўйича масъулиятни “Osiyo ramzi” Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси, пардози бўйича масъулиятни Ўзбекистон Сартарошлар ва косметологлар ассоциацияси зиммасига юклаш;

6. Теле ва радиобошловчиларнинг кийиниши, пардози ва талаффузи юзасидан махсус талаблар ишлаб чиқиб, мунтазам ўқув-машғулотлари ўтказиш, халқаро тажрибаларни ўрганишни ташкил этиш;

7. Клипмейкерлар ассоциациясини ташкил этиш ва клипларда миллий менталитетимизга ёт ғояларни акс эттиришнинг олдини олишни Маънавият тарғибот маркази ва ушбу ассоциация зиммасига юклаш;

8. Жамоат жойлари, кафе ва ресторанлар, меҳмонхоналардаги мониторларда қўйилаётган клипларни тартибга солиш бўйича қоидалар ишлаб чиқиб, ижрога йўналтириш;

9. Ҳар бир рақсни санъат қоидалари асосида яратиш ва “Ўзбекрақс” бирлашмасининг тавсияномаси орқали эфирга узатишни ташкил этиш;

10. Маънавият тарғибот маркази, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида тўй ва маросимларни ўтказиш бўйича махсус йўриқнома ишлаб чиқиш, йўриқномада дабдаба ва исрофгарчилик, миллий қадриятларга ёт ҳолатларни (турли миллатлар анъаналарини инобатга олиб) чегаралаш ва ушбу талаблар бузилган тақдирда қонуний жазо чораларини белгилаш бўйича бандларни киритиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

11. Тўйхона, ресторан ва кафелар раҳбарларининг тўйларни ихчам, миллий қадриятлар асосида ўтказилишида бевосита маъсуллигини таъминлаш;

12. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Бастакорлар уюшмаси ва манфаатдор ташкилотлар “Маданият тўғрисида” Қонун ва қонун ости ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ўрнатилган тартибда ҳаракат олиб боришини ташкиллаштириш, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Қонунининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш чораларини кўриш;

13. Қўшиқчиларнинг тўйдан келадиган даромадини солиққа тортиш борасида жиддий таклифлар тайёрлаш;

14. Тўйларда бошловчилик қилаётганларнинг фаолиятини тартибга солиш бўйича чоралар кўриш;

15. Телефон компаниялари томонидан смс тарзида юборилаётган қўшиқлар, матнлар учун ҳам алоҳида тартиб ишлаб чиқиш;

16. Айрим салон ва журналлар қонунчилигимизга зид ҳолда, туркий, арабий ҳижоб тарзидаги ёки келинларнинг мутлақо Европа усулидаги очиқ либосларини тарғиб этаётгани устидан назорат ўрнатиш;

17. Хонандалар ва таниқли кишилар ҳаёти ва фаолиятини ёритиб бораётган нашр, веб-саҳифаларга таҳлилий-танқидий хулосалар киритиб боришни кучайтириш;

18. Хотин-қизлар қўмитаси бошчилигида никоҳ либослари дизайни йўналишида кўрик-танловлар, келин дугоналари ва куёв жўралари ўртасида баҳру байт каби миллий маросимларини ўтказиш, қизлар сарпосида албатта китоблар бўлишини тарғиб этиш;

19. “Маҳалла” жамоат фонди томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларидаги тўй-ҳашамларни тартибга солиш комиссияларини кучайтириш, тўғрироғи “уйқудан уйғотиш”, тўй-ҳашамларни тартибга солиш бўйича қабул қилинган Фармонда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган фуқароларни маҳаллада муҳокама этиш чораларини кўриш;

20. Тўйда “севги қиссаси” видео лавҳаси ўрнига, шу оиланинг буви-буваси, ота-онасининг ибратли ҳаёт йўли ҳақида лавҳалар беришни тавсия этиш;

21. Маънавият тарғибот маркази, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон миллий телерадио¬компанияси, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳар чоракда ушбу масала юзасидан соҳа вакиллари билан биргаликдаги муҳокамаларини ўтказишни ташкил этиш.

Жамоатчилик ва мутахассисларнинг фикрича ёшларимиз, айниқса, қизларимиз оммавий ахборот воситаларида кўрсатилаётган қаҳрамонларга эргашади, улардек бўлишга интилади.

Мурожаат хулосасида “Шу боис Сиздан фарзандларимиз онги ва келажагига очиқ таҳдид қилаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан билдирилаётган жамоатчилик фикрларини инобатга олишингизни, белгиланган мезонларни яна бир бор жиддий кўриб чиқиб, тўлдиришингизни, ножоиз ҳолатларга чек қўйишда ёрдам кўрсатишингизни илтимос қиламиз”, дейилади.