(AP Photo/Burhan Ozbilici)

Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғли мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловидан сўнг, конституция талабларига мувофиқ, истеъфога чиқди. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдоған эса ҳукуматнинг истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақида “Ҳуррият” газетаси хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 7 июнь куни бўлиб ўтган сайловда Эрдоғаннинг партияси — Адолат ва тараққиёт партияси парламентдаги мутлақ кўпчиликка эга партия мақомидан маҳрум бўлди. Партия парламент сайловида 40 фоиздан кўпроқ овоз олди. Натижада у оддий кўпчилик ўринни ҳам эгаллай олмади. Ваҳоланки, Эрдоған сайловолди кампаниясида камида 400 та депутатлик ўрнини олишга ҳаракат қилиш кераклигини кўп таъкидлаган эди.

Туркия конституциясига кўра, сайловда ғалаба қозонган партия 45 кун ичида ҳукуматни шакллантириши керак. Агар ушбу муддат ичида ҳукумат шакллантирилмаса, президент муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилади.

Туркиялик экспертларнинг фикрича, ҳозирги кунда Аҳмет Довудўғлининг олдида иккита вазифа турибди. У бир партияли ҳукуматни шакллантиришга уриниб кўради. Бунда парламентга 10 фоизлик тўсиқдан ўтиб кира олган олган учта партиядан бири овоз бериш жараёнида уни қўллаб-қувватлаши керак бўлади. Ёки Довудўғли бошқа бирор бир партия билан коалицияда ҳукумат тузиши мумкин. Лекин ҳар иккала ҳолатда ҳам бошқа партиялар жиддий талабларни илгари суриши аниқ.

Сайловлар мамлакат иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатадиган омил бўлиб, барча сиёсий партиялар ҳукумат шакллантирилиши кераклигини қатъий таъкидлашмоқда. Агар Адолат ва тараққиёт партияси ўзининг асосий рақиби Республика халқ партияси (улар сайловда 25 фоиз овоз олишган) билан коалиция ҳукуматини шакллантирса, бу иқтисодиёт ва мамлакат барқарорлиги учун муҳим асос бўлади. Аммо партия Довудўғлидан жиддий ён босишни талаб қилади.

Эрдоғаннинг президент ваколатларини кенгайтириш бўйича амбицияларини тўхтатиш, унинг ҳукумат ишларига аралашишини тақиқлаш, курдлар масаласида ҳам қатор таклифлар ўртага ташланиши мумкин.

Миллий ҳаракат партияси (18,29 фоиз овоз олган) Довудўғлини очиқчасига қўллаб-қувватламайди. Чунки партия сайловолди кампаниясида Эрдоғанни ҳам, Довудўғлини ҳам, Адолат ва тараққиёт партиясини ҳам кескин танқид қилган эди. Мабодо улар ушбу партиянинг ҳукуматини қўллаб-қувватлайдиган бўлса, у ҳолда кейинги сайловларда сайловчилар улардан юз ўгириши мумкинлигидан қўрқишади. Лекин Миллий ҳаракат партияси сиёсий мулоқотга очиқлигини маълум қилди.

Айни пайтда сайловда “сюрприз” бўлган Халқ демократик партияси (13 фоиз овоз олган) Адолат ва тараққиёт партиясини ҳеч қачон қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди.

Амалдаги тартибга кўра, Адолат ва тараққиёт партияси ҳукуматни туза олмаса, қолган уч партия ҳукуматни шаклантиришга уриниб кўриши мумкин. Лекин бу ҳам сиёсий нуқтаи назардан беқарорликни келтириб чиқариши мумкин.

Туркияда минглаб ҳамюртларимиз яшашади, ишлашади. Улар учун Туркиянинг иқтисодий ва сиёсий барқарорлиги жуда муҳимдир. Қолаверса, “Ислом давлати” террористик ташкилоти кўлами тобора кенгайиб бораётган бир шароитда, ушбу мамлакатдаги сиёсий беқарорлик яхши оқибатларга олиб келмайди.

Аммо бир нарса аниқки, Эрдоғаннинг сиёсий фаолияти қарийб якунланди, ҳисоб. Буни унинг бир неча кундан бери омма олдида кўриниш бермаётгани ҳам тасдиқлайди. Чунки мамлакат халқи Эрдоғаннинг бир томонлама сиёсатига (ё биз билан бўл ёки душманимсан) рози бўлмади. Шу нуқтаи назардан қараганда Эрдоған мамлакатнинг рамзий раҳбари бўлиб қолади, холос.

  • Мурод ҒОФУРОВ