Маълумки, яқинда АҚШ савдо вазирининг глобал бозорлар бўйича ёрдамчиси Арун Мадҳаван Кумар Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди. Арун Кумар Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакиллари билан музокаралар олиб борди ҳамда GM Powertrain Uzbekistan автомобиль двигателлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхонага заводга борди.

Ташрифдан мақсад Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини янада кенгайтириш эди.

АҚШ савдо вазирининг глобал бозорлар бўйича ёрдамчиси Арун Мадҳаван Кумар “Экономическое обозрение” журналига интервью берди. Журналнинг сайтида ушбу суҳбатдан парча эълон қилинди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— Ўзбекистонда кун тартибида турган тузилмавий ислоҳотлар, бу — иқтисодиётни модернизация ва диверсифкация қилишдир. Бу, биринчи ўринда, инвестицияни талаб қилади. Бундан ташқари, янги технологияларга, янги бозорларга, замонавий бошқарув амалиётига эҳтиёжни юзага келтиради. Пировардида, минтақавий ва глобал ишлаб чиқариш тармоқларига кириш талаб этилади. Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматларининг бундай тармоқларни яратиш ва ривожлантириш борасидаги ҳамкорлигининг истиқболлари қандай?

Аввало, ташрифимдан мақсад АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини янада кенгайтириш эканини айтишни истардим. Қайд этганимдек, Американинг бир қатор компаниялари Ўзбекистон бозорида фаол иш олиб бормоқда ва ўз бизнесини мамлакатингизда ривожлантиришдан манфаатдор.
Биз, шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашни истардик. Бу борада Американинг юқори технологияларга эга кўплаб компаниялари Ўзбекистон бизнеси учун жуда яхши бизнес шерик бўлиши мумкин.

— GM юқори технологиялар соҳасида нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона энг йирик лойиҳа ҳисобланса керак. Мана шундай ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилаяптими? Хусусан, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси, “Ангрен” махсус иқтисодий зонасида бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари қандай?

— Мен бугун General Motors заводига ташриф буюрдим. Менга компания томонидан сўнгги йилларда катта ютуқлар эришилгани, жуда кўплаб автомобиллар моделларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани, Ўзбекистон ва қўшни мамлакатлар бозорида муваффақиятларга эришганини кўриш катта мамнуният бағишлайди.

Аммо шуни алоҳида қайд этишим керакки, Америка бизнеси қайси мамлакатда иш юритишни ўзи мустақил ҳал қилади. Бунда оқилона иқтисодий шарт-шароитларга асосланади: бозорнинг стратегик жойлашуви, потенциал рисклар ва потенциал даромадни прогноз қила билиш жуда муҳимдир. АҚШ ҳукумати ҳеч қачон хусусий компанияларга нима қилиш кераклигини айтмайди. Аммо хорижий ва бошқа мамлакатлар бозорига чиқишда қийинчиликка дуч келаётган бизнес вакилларига ёрдам беради.

Ўз навбатида, қулай ишбилармонлик муҳити компанияларнинг ижобий қарор қабул қилишига туртки берадиган омиллардан ҳисобланади. Қайси бозорни танлашни ҳал қилар экан, бизнес биринчи мамлакатдаги риск ва даромадни иккинчи мамлакатдаги риск ва бизнес билан таққослайди. Шунинг учун ҳам биз мамлакатлар ҳукуматлари билан мавжуд тўсиқлар ва рискларни камайтириш йўлида иш олиб борамиз. Бу Америка компанияларига ушбу мамлакатга бизнесини киритишига туртки беради. Сир эмаски, савдо қанча ривожланса, шунча кўп инвестиция киритилади, ишбилармонлик муҳити шунча яхшиланади.

— Бу сизнинг Ўзбекистон ва Марказий Осиёга илк сафарингиз. Таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бу менинг Ўзбекистонга илк сафарим. Мен мамлакатингизга очиқ чеҳра ва қалб билан ташриф буюрдим. Ўзбекистон халқининг дўстона муносабатидан, мамлакатингиз гўзаллигидан ҳайратдаман. Самарқандга ташриф буюришдек орзуимга эришдим.

Бундан ташқари, юртингизда одамлар, айниқса, ёшлар орасида жуда кўп истеъдод эгалари бор экан. Бу ҳақида General Motors заводида бўлиб ўтган учрашувларда ҳам кўп бора таъкидланди ва бунга биз ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Шубҳасиз, мен Ўзбекистонни бир олам таассурот, халқингиз меҳмондўстлиги ва истеъдодли ёшларига ҳавас билан тарк этаман.

SHARE