Халқаро бизнес ва технологиялар ассоциацияси ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Калифорнияга сафарини уюштиради. Тадбиркорлар шу йилнинг 19-29 июль кунлари ушбу штатга ташриф буюришади. Бу ҳақда uzdaily.uz сайти хабар тарқатди.

Ушбу сафар давомида тадбиркорлар АҚШнинг йирик компанияларининг менежмент ва стратегик бошқарув масаласидаги тажрибаси билан танишади, Silicon водийсига ташриф буюради, Стэндфорд университетига боришади, машҳур компанияларнинг топ-менежерлари, стартап-бизнес вакиллари, инвесторлар билан учрашади.

Сафар давомида Лон-Анжелес, Сан-Диего, Сан-Франциско шаҳарларига ҳам ташриф буюришади.

Ушбу сафар арафасида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним тадбиркорлар билан учрашди. Элчининг айтишича, у беш ойлик фаолияти давомида биринчи марта кичик бизнес вакиллари билан учрашмоқда.

“Бугун мустақил Ўзбекистоннинг юзи бўлган, мамлакатнинг ва хорижнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олган, янги технологияларга ва инновацияларга интиладиган бизнесменлар билан учрашаяпман”, деди элчи хоним.

АҚШ элчихонаси ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Калифорнияга, айниқса, дунёнинг инновация ва hi-tech маркази бўлган Silicon водийсига сафарини қўллаб-қувватлайди. Элчининг фикрича, бу жойда мўъжаз ғоялар миллиардлаб даромад келтирадиган улкан лойиҳага айланиб кетади.

SHARE