Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун 11 июнь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

12 июнь куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов БМТ Бош котибини қабул қилди. “Uzreport” ахборот агентлигининг хабар беришича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга қатор масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари Пан Ги Мун бошчилигида БМТнинг дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ҳиссасига юксак баҳо берди.

Ислом Каримов БМТ бугунги кунда дунёда глобал муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланаётган ягона ва ноёб ташкилот эканлигини қайд этиб, ташкилот дунё айвонида нафақат ўз ролини сақлаб қолишига, балки янада кучайишига умид билдирди.

Учрашувда Марказий Осиёда тинчликни сақлаш, минтақа мамлакатлари ўртасида халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, БМТ Бош котиби Ислом Каримовга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон раҳбарининг тинчлик ва барқарорлик таъминлаш ва минтақавий муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, халқаро миқёсдаги ташаббусларини юқори баҳолади.

Ташриф доирасида БМТ Бош котиби Бухорода ҳам бўлиб, шаҳарнинг қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари билан танишади.