Ўзбекистон яқин истиқболда учта янги транспорт коридорларидан фойдаланишни бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги транспорт таъминоти бошқармаси бошлиғи Даврон Хўжаевга асосланиб, “Подробно” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Биринчи йўлак Европа мамлакатларига қаратилган бўлиб, бунда янги Боку — Ахалкалаки — Карс темир йўлидан фойдаланилади. Иккинчи жуда долзарб йўналишлардан бири Хитой ва Жанубий Осиёга “Хоргос” логистика маркази (Қозоғистон) орқали амалга оширилади. Учинчи коридор эса Европа мамлакатларига Турманистон, Эрон ва Туркия орқали Туркиянинг Мерсин транзит порти билан чиқилади”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан юклар тўққизта йўналиш бўйлаб ташилмоқда. Ўзбекистон ҳудуди орқали Россия Федерацияси, Украина, Европа мамлакатлари, Кавказ, Афғонистон, Покистон, Эрон, Туркия, ХХРга 20 та халқаро йўналиш амалга оширилади. Ўзбекистоннинг умумий магистраль автомобиль йўллари узунлиги 40 минг километрдан, халқаро аҳамиятга эга трассалар узунлиги эса 3 минг километрдан ортади.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул қилинган бўлиб, траснпорт инфратузилмасини ривожлантиришга 10 миллиард доллар йўналтириш кўзда тутилмоқда.