“Ўзбекнаво”: плагиат қўшиқларнинг эфирга чиқмаслиги назорат қилиняпти

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хорижлик қўшиқчиларнинг ижодий маҳсулотлари “ўғирланиб”, ўзбекистонлик хонандалар томонидан ижро этилаётгани борасидаги танқидларга муносабат билдирди.

Бундан аввалроқ, “Даракчи” газетасига йўлланган мактублардан бирида Сардор Раҳимхоннинг “Йил қўшиғи—2014” мукофотига сазовор бўлган “Маликам энди қара” қўшиғи чет эл ижрочисидан кўчирилгани қаттиқ танқид остига олинган эди.

“Ўзбекнаво”да бошқарма бошлиғи лавозимида ишлайдиган Одилжон Абдуқаҳҳоров бу борада фикр билдириб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, бирлашманинг ташаббуси билан “Ўзбекистон” миллий телерадиокомпанияси, “Менинг юртим” телеканали ва хусусий радиоканаллар раҳбариятига плагиат қўшиқларни эфирга бермаслик юзасидан расмий хат юборилган.

“Бунинг ижроси қандай таъминланаётгани ҳам, албатта, назорат қилиняпти”, – деди у.

“Хонанда Баҳром Назаровнинг “Пари-пари” қўшиғи эфирдан олиб ташлангандан сўнг у бизга қўшиқнинг асл муаллифидан олинган расмий рухсатномани тақдим этди ва биз уни телеканаллар раҳбариятига хат билан илова қилдик. Сардор Раҳимхон эса қўшиғининг асл муаллифи билан бизни интернет орқали боғлаб, рухсат олганини исботлагач, унинг қўшиғи ҳам ТВ ва радиоэфирларда тақдим этилишига рухсат бердик”, – қўшимча қилди Абдуқаҳҳоров.

SHARE