uzmarkaz.uz

Тошкентда “Суд кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамда АҚШ Федерал суд маркази, “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, олий юридик таълим ва илмий муассасалар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва қонунийликни, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини таъминлашга қаратилган суд-ҳуқуқ тизими яратилганини таъкидлади. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ амалга оширилган ислоҳотлар самарасида суд ҳокимияти ҳар томонлама мустаҳкамланиб бормоқда.

Демократия ривожи, ислоҳотлар самараси ва жамият равнақи кўп жиҳатдан суд тизими ходимларининг билим ва малакасига ҳам боғлиқ. Мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва маърифатни кучайтириш, ҳуқуқшунослар малакасини юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистонда бу борада эришилган ижобий натижалар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда миллий тажрибани ҳар томонлама таҳлил қилиш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатини оширишга доир хорижий амалиёт ва соҳага халқаро стандартларни татбиқ этишга долзарб вазифа сифатида қаралмоқда.

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида юқори малакали кадрлар тайёрланаётгани ҳуқуқий ишлар сифати ва тезкорлигини ошириш, одил судловни таъминлаш имконини бермоқда. Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, масофавий таълим олишнинг илғор усулларини қўллашга қаратилган дастурлар бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилаётир.

Анжуманда мамлакатимизда ҳуқуқшунослар тайёрлашнинг яхлит тизими барпо этилгани, юридик таълим ва ҳуқуқшунослик фанини ўқитишни янада такомиллаштириш, замон талабларига жавоб берадиган суд кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш борасидаги ишлар катта самара бераётгани қайд этилди.

Ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказининг алоҳида ўрни бор. Бу ерда ҳар йили суд-ҳуқуқ тизимининг икки мингдан зиёд мутахассиси билим ва кўникмасини оширмоқда. Марказда ўқув машғулотларини олиб бориш учун ихтисослашган аудиториялар, компьютер ва тест хоналари, суд зали, кутубхона ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс маркази мавжуд бўлиб, улар барча замонавий ўқув-услубий воситалар, электрон технологиялар билан жиҳозланган.

Марказда назарий машғулотлар амалиёт билан узвий боғлангани тингловчиларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили билан мунтазам таништириб бориш, суд кадрларининг касб маҳоратини ошириш ва мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Юристлар малакасини ошириш маркази билан АҚШ Федерал суд маркази ўртасида изчил ҳамкорлик алоқалари ва ўзаро фаол тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

АҚШ Федерал суд маркази директори Жереми Фогель Америкада судьяликка тайинлаш амалиёти, судьяларни тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар хусусида сўзлади. Ўқув жараёнида судьяларни масофавий ўқитиш ва бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга доир масалаларга эътиборни қаратди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар самараларига юксак баҳо берди. Юристлар малакасини ошириш марказида суд кадрларини тайёрлаш амалиёти яхши йўлга қўйилгани, бу Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг янада ривожланишида ва унинг мустақиллигини таъминлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

– Ўзбекистоннинг суд кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими менда катта таассурот қолдирди, – деди Ж.Фогель. – Судьяликка тайинланадиган шахсларнинг ўқиши ва стажировка ўташи шартлиги соҳага ҳар томонлама етук кадрларни, муайян иш тажрибасига эга шахсларни жалб этиш имконини бермоқда. Бу суд ишлари самарадорлигини ошириш, энг муҳими, инсон ҳаёти ва тақдири билан боғлиқ масалаларни адолатли ҳал этишга замин яратмоқда. Ўзбекистонда судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилмоқда. Бу ишларни кўриб чиқиш муддатини қисқартириб, фуқароларнинг вақти, маблағи тежалиши, ҳуқуқлари ўз вақтида тикланишига ёрдам бермоқда. Биз Ўзбекистон билан бу борада фаол ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

Халқаро анжуманда мазкур йўналишда тўпланган илғор тажрибаларни оммалаштириш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, суд ишларига ахборот-коммуникация технологияларини, хусусан, “онлайн” малака ошириш курсларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

SHARE