Америка мудофаа вазирлиги яқин кунларда Ўзбекистонга зирҳли ҳарбий техникаларни етказиб беришни якунлайди. Ушбу ҳарбий техникалар асосан миналарга қарши машиналардан иборат.

ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Тошкентга ушбу ҳарбий техникаларни етказиб бериш ўтган йилнинг декабрида бошланган.

Агентликнинг Пентагондаги манбаларига кўра, ушбу ҳарбий техникалар Марказий Осиё давлатларига беғараз ёрдам сифатида тақдим этилмоқда.

Шу йилнинг март ойида Конгрессда чиқиш қилган АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Ллойд Остин III Вашингтон Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик кучайтирилганини таъкидлаб ўтган.

Шу ўринда Ўзбекистонга ҳарбий техникалардан минага қарши V шаклдаги бронетранспортерлар, 14-18 тоннагача бўлган Mine-Resistant Ambush Protected vehicles (MRAPs) номли машиналар еказиб берилмоқда.

Америка оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Ўзбекистон 308 та бундай русумдаги машина олган. Ушбу ҳарбий техника воситалари Афғонистондан эмас, балки АҚШ ҳудудидаги ҳарбий базалардан етказиб берилмоқда ва Ўзбекистон ҳукумати маблағи ҳисобига ташилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Ллойд Остин III 2013 ва 2014 йилларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакат раҳбарияти билан мулоқот олиб борган эди.