Шу кунларда, АҚШ Давлат департаменти консуллик бюросининг чет элда бериладиган паспорт ва виза тизимларида техник муаммолар рўй беряпти. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилган.

Унда қайд этилишича, мазкур носозлик муайян мамлакат, фуқаролик ҳужжати ёки виза тоифаси билан чекланмаган. “Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва техник муаммоларни зудлик билан ҳал этиш ҳамда тизимларимизнинг тўла қонли ишини тиклаш устида иш олиб боряпмиз”, дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, техник муаммолар маъқулланган иммиграцион ва ноиммиграцион визаларнинг чоп этилишини ва эгаларига қайтарилишини кечиктиради ҳамда ноиммиграцион визага мурожаат этувчиларнинг Интернет тизими орқали суҳбатга ёзилишларига таъсир этиши мумкин.

Бу 2015 йил 26 майидан кейин чет элдаги ваколатхоналарда қабул қилинган паспортга мурожаатлар ҳам шу муаммолар таъсирига учрайди. “Агар шу даврда АҚШ паспортига мурожаат этган бўлсангиз ва кейинги 10 кун ичида зарур сафарга кетишингиз шарт бўлса, шошилинч паспорт олиш тартибини билиш учун АҚШ элчихонаси билан consulartashkent@state.gov манзили орқали боғланинг”, дейилади хабарда.

SHARE