Хитойнинг жанубий порт шаҳри — Шаньдун провинциясининг Жичжао шаҳрида Марказий Осиё логистика паркини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. “Жичжао порти” бирлашмаси ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон корхоналари иштирокида барпо этиладиган ушбу паркнинг устав капитали 60 миллион юанни (1 АҚШ доллари 6,12 юань) ташкил этади.

“Синьуха” ахборот агентлиги хабар беришича, Жичжао шаҳрининг Ипак йўли иқтисодий камари ва денгиз Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар билан ўзаро савдо айланмаси ўтган йили 7,66 миллиард АҚШ долларига етиб, бу шаҳар ташқи савдо айланмасининг 22 фоизини ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 13,7 фоизга кўпдир.

Хабарда айтилишича, 120 минг метр квадрат бўлган ушбу логистика паркида давлат божисиз омборлаш, халқаро логистика, транзит ташиш, импорт, экспорт ва транзит савдолари амалга оширилиши мумкин.

Худди шу куни Жичжао шаҳрида Марказий Осиё кема қатнови ва савдо маркази очилди. Бу, хабарда айтилишича, Хитойда Марказий Осиё мамлакатларига хизмат қилишга ихтисослаштирилган илк давлат идорасидир. Ушбу лойиҳа Чин мамлакати 300 миллион юань миқдорида инвестиция киритишни режалаштиряпти.

Эслатиб ўтамиз, Жичжаода Марказий Осиё — Хитой ҳамкорлигининг 3-форуми бўлиб ўтмоқда.