Буюк ипак йўли нафақат тарихий маданият, балки бугунги кунда Европа ва Осиё мамлакатларининг иқтисодий интеграциясига хизмат қилувчи омил сифатида дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган давлатлари диққат-эътиборида турибди. Бугунги кунда Марказий Осиёда Ипак йўлини қайта тиклашга бўлган саъй-ҳаракатлар тобора жадаллашмоқда. Хўш, Ипак йўлини тиклаш бўйича қандай ташаббуслар илгари сурилаяпти? Уларнинг амалда муваффақиятга эришиши эҳтимоли нечоғли катта? Шарҳловчимиз ушбу масалада мушоҳада юритиб кўрди.

Янги ипак йўли. Американинг [Америкасиз] ташаббуси

Вашингтон 2009 йилда Туркия ва Германияда Афғонистон муаммосини ҳал қилишга бағишланган халқаро конференцияларда Буюк Ипак йўлини тиклаш ғоясини илгари сурган эди.

АҚШ мазкур ғоя остида Туркманистондан Покистон ва Ҳиндистонга олиб борадиган трансафғон газ қувурларини, шунингдек, Афғонистонни электр энергияси билан таъминлашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистонда тинчликни таъминлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётини тиклашни мақсад қилмоқда.

Янги Ипак йўли концепцияси АҚШ ҳарбийлари ва махсус хизмат вакиллари, шунингдек, Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бутун Евроосиё ҳудудини қамраб оладиган трансконтинентал савдо тармоғи бўлиши лозим эди. Экспертлар фикрича, ушбу концепция собиқ Иттифоқ давлатларининг Афғонистон (Жанубий Осиё мамлакатлари) билан савдо алоқаларини янада яхшилаш ҳамда инфратузилмасига ёрдам бериш орқали Россиянинг уларга бўлган таъсирини камайтиришни кўзлаган.

У АҚШ шафелигида амалга оширилиши кўзда тутилган. Аммо унинг ушбу лойиҳада иштирок этиш имкониятлари чеклангани, географик нуқтаи назардан йироқлиги, қолаверса, Америка бизнеси учун жозибадор эмаслиги сабабли амалда муваффақиятсизликка учради, дейиш мумкин.

Гап шундаки, Янги ипак йўли доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилган бўлса-да, кейинчалик бир қатор лойиҳалар қўшни мамлакатлар манфаатларига тўғри келмаслиги боис боши берк кўчага кириб қолди.

1C2D8B2F-A812-41B2-93B4-6A6F18D82C9C_w640_r1_s

Шундай лойиҳалардан бири — CASA-1000 лойиҳаси Жаҳон банки шафелигида амалга оширилиши керак эди. 1,2 миллиард долларлик, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган ҳамда Марказий Осиё эҳтиёжидан ортган электр энергиясини чанқоқ Афғонистон ва Покистонга юборишда асосий тўсиқ бўлиб хизмат қилаётган эди. Бундан 9 йил муқаддам эълон қилинган мазкур лойиҳа концепцияси оддий эди. Яъни ёзда, Афғонистон ва Покистон электр энергия катта эҳтиёж сезганда, Тожикистон ва Қирғизистон эплай олмайдиган музликлар эриши ҳисобига гидроэлектр станциялари резервуарларини тўлдириш режалаштирилган эди. Ғоя табиатни назорат қилиш орқали электр энергия ишлаб чиқариш ҳамда уни транзит линиялари орқали эҳтиёжманд мамлакатларга етказиб беришдан иборат эди.

Ўзбекистон ушбу лойиҳага ўз эътирозини билдирди. 2014 йилнинг 18 июль куни Алматида бўлиб ўтган Жаҳон банки конференциясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов CASA-1000 лойиҳаси ҳақида Ўзбекистон муносабатини билдириб ўтган эди.

“Биз афсус билан шуни таъкидлашга мажбурмизки, Жаҳон банкининг хатти-ҳаракатларида аниқ ва равшан мантиқий изчилликни кўрмаяпмиз. Жорий йилда Жаҳон банки CASA-1000 юқоривольтли электр линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштиришни ҳамда амалга оширишни тасдиқлади. Ваҳоланки, ушбу лойиҳа етарли даражада электр ишлаб чиқариш манбаларисиз, линия ўтказишнинг аниқ йўналишларисиз, транзит вақтида электр энергиясининг жиддий йўқотишларга учрашини ҳисобга олмаган ҳолда, маблағ киритишнинг якуний қийматисиз, электр энергия транзити учун тариф ва нарх параметрларини келишмасдан маъқулланди”, — деди Азимов.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари янада жадаллашиб, икки мамлакат ҳукумат, парламент ҳамда бизнес доиралари мунтазам сиёсий, иқтисодий мулоқотлар ўтказиб келмоқда. Сўнгги мулоқотларда иқтисодий, ҳарбий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида кўп гапирилаётган бўлса-да, Янги ипак йўли ҳақида лом-мим дейилмаяпти. Эҳтимол, бу ушбу концепция амалда ўзини оқламаганини тасдиқлаши ҳам мумкин. Умуман, экспертлар АҚШнинг ушбу концепцияси ҳаддан ташқари сиёсий эканлиги учун ҳам минтақада тўлақонли рўёбга чиқишига умид билан қарашмаяпти.

Шундай бўлса-да, ушбу концепция доирасида Афғонистонда темир йўл инфратузилмасини яратишда Ўзбекистон фаол иштирок этмоқда. Чунончи, Афғонистон мамлакати тарихида илк бор 106 километрлик “Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлининг бунёд этилишида ўзбекистонлик темирйўлчиларнинг ўрни жуда катта. Ўзбекистон йўлсозлари, шунингдек, Мозори Шариф — Кобул автомобиль йўлини тиклашда ҳам фаол қатнашишди. Улар бунда 10 та кўприк, тегишли йўл ўтказгичларни барпо этишди. Истиқболда Ўзбекистон темирйўлчилари томонидан Ҳайратондан бошланадиган темир йўлни Кобулгача, сўнгра Эронга қадар етказиш режалаштирилган. Бу саъй-ҳаракатлар келажакда Ўзбекистоннинг Форс кўрфазига чиқиш имкониятини кенгайтиради.

Пулли Ипак йўли. Хитой тарихни тиклайдими?

Хитой Миллий ривожланиш ва ислоҳотлар комиссияси мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо вазирлиги билан ҳамкорликда “Бир камар, бир йўл” деб номланувчи “Ипак йўли иқтисодий камари” ва “21 аср денгиз ипак йўли” концепцияни тайёрлади. Пекиннинг ушбу режалари муваффақиятга эришган тақдирда, Хитой иқтисодий ва дипломатик Евроосиё интеграциялашувининг асосий ҳаракатга келтирувчи кучига айланади.

12013-05-06T043009Z_193593981_GM1E9560YO401_RTRMADP_3_CHINA-pic4_zoom-1000x1000-50124
Мазкур концепция Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва Африка давлатларини дипломатик саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, эркин савдо ҳудудлари ва савдо тартиб-тамойилларини стандартлаштириш ва бирлаштириш, юанга таянган ҳолда молиявий соҳани интеграциялашш ва халқаро маданий ва таълим дастурларини ривожлантиришга чақиради.

Ипак йўлининг Хитойча шакли сиёсатдан бирмунча холи бўлиб, асосан амалий қадамлардан иборат. Буни ғарблик экспертлар хавотир билан молиявий экспанция ҳам деб аташади. Янги Буюк Ипак йўлининг қуруқликдлаги қисми Сиань шахридан бошланиб, Ланчжоу ва Урумчи томон кенгаяди ва Марказий Осиё мамлакатлари орқали Яқин Шарққа ва ундан кейин Европага етиб боради. Буюк Ипак йўлининг денгиз қисми эса Гуандундан бошланиб Хайнань ороли орқали Хинд океанига чиқади. Ҳар икки йўл Венецияда бирлашади.

Хитой ҳукумати ушбу концепцияни амалга оширишга Ипак йўли жамғармасини ташкил қилиш орқали киришади. Айрим манбаларга кўра, мамлакат ушбу жамғармага 40 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Жамғармани ташкил қилишдан мақсад Осиёнинг транспорт-коммуникация муаммоларини молиялаштириш орқали ҳал қилиш бўлиб, у “Ипак йўли иқтисодий камар”» ва “21 аср денгиз ипак йўли” мамлакатлари иштирокида турли лойиҳаларга инвестиция киритиш ва молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Хитой ҳукумати ўзининг Ипак йўли концепциясини сиёсатдан холи тутган ҳолда минтақадаги ҳар бир мамлакат манфаатларини ҳисобга олмоқда. ХХР бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг инфратузилма лойиҳаларида фаол иштирок этаётир. Хусусан, “Ангрен—Поп” темир йўли қурилишига Хитой ҳукумати яқиндан ёрдам бермоқда. Чунки экспертларнинг фикрича, “Поп — Ангрен” темир йўли Ўзбекистонда ягона темир йўли тизимини шакллантириш, “Хитой — Марказий Осиё — Европа” халқаро темир йўл транзит йўлагини яратиш ҳамда Фарғона водийсини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ипак йўли маркази: Қозоғистон президентининг орзулари

Йирик мамлакатларнинг ташаббусларидан ташқари, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам Ипак йўли ҳақида ўз қарашлари, ташаббуслари бор. Масалан, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзи раҳбарлик қилаётган мамлакатни Mарказий Осиё минтақасидаги энг йирик транзит марказига айлантириш ниятида.

23042012113053

Қозоғистон раҳбарининг “Янги Ипак йўли” лойиҳасига кўра, Қозоғистон “ўзининг тарихий ролини” қайта тиклаган ҳолда, “Европа ва Осиё ўртасидаги ўзига хос кўприк” бўлиши лозим.

Лойиҳага мувофиқ, 2020 йилга келиб мамлакат ҳудудидан ўтадиган транзит юкларининг ҳажми икки баробарга ошиши лозим. Келажакда эса уни энг камида 50 миллион тоннагача етказиш режалаштирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2010 йилда Қозоғистон ҳудудидан ўтган транзит юкларининг ҳажми 15 миллион тоннани, 2011 йилда эса – 16,5 миллион тоннани ташкил қилган.

“Mенинг нуқта-назарим – Қозоғистоннинг асосий транспорт йўлакларида халқаро даражадаги ягона савдо-логистика, молиявий-тадбиркорлик, инновацион-технологик ва туристик марказни ташкил қилишдир”, – дейди Назарбоев ўз режасида. У ўзининг янги лойиҳасида бир нечта принципларга амал қилиниши лозимлигини ҳам таъкидлаган: тезлик, сервис, қиймат, сақлаш ва барқарорлик.

“Янги Ипак Йўли”нинг асосий элементи – транспорт-логистика маркази “Қозоғистон темир йўллари” миллий темир йўл компанияси томонидан қурилаётган базада ташкил қилинади. Қозоғистон ғарбида жойлашган Оқтов денгиз порти кенгайтирилади ва Оқтоба шаҳрида логистика маркази қурилади. Бу объектлар республикани Каспийбўйи минтақаси, Россия ва Европага олиб чиқувчи дарвоза вазифасини ўтайди.

Денгиз излаган Ипак йўли

Маълумки, Ўзбекистон денгизга чиқиш учун иккита мамлакат ҳудудини босиб ўтиши керак бўлдан иккита мамлакатдан бири. Бу, табиийки, мамлакатнинг савдо-иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис ҳам Ўзбекистон имкон қадар кўпроқ транспорт коридорларини очишга интилиб келади.

Хусусан, Ўзбекистон яқин истиқболда учта янги транспорт коридорларидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги транспорт таъминоти бошқармаси бошлиғи Даврон Хўжаевга кўра, биринчи йўлак Европа мамлакатларига қаратилган бўлиб, бунда янги Боку — Ахалкалаки — Карс темир йўлидан фойдаланилади. Иккинчи жуда долзарб йўналишлардан бири Хитой ва Жанубий Осиёга “Хоргос” логистика маркази (Қозоғистон) орқали амалга оширилади. Учинчи коридор эса Европа мамлакатларига Турманистон, Эрон ва Туркия орқали Туркиянинг Мерсин транзит порти билан чиқилади.

1c-21-886x562

2011 йил 25 апрелда Ашхобод шаҳрида Эрон Ислом Республикаси, Уммон Султонлиги, Қатар Давлати, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида халқаро транспорт ҳамда транзит йўлагини ташкил этиш битими имзоланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан юклар тўққизта йўналиш бўйлаб ташилмоқда. Ўзбекистон ҳудуди орқали Россия Федерацияси, Украина, Европа мамлакатлари, Кавказ, Афғонистон, Покистон, Эрон, Туркия, ХХРга 20 та халқаро йўналиш амалга оширилади. Ўзбекистоннинг умумий магистраль автомобиль йўллари узунлиги 40 минг километрдан, халқаро аҳамиятга эга трассалар узунлиги эса 3 минг километрдан ортади.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури қабул қилинган бўлиб, траснпорт инфратузилмасини ривожлантиришга 10 миллиард доллар йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Хулоса:

Албатта, ҳар қандай интеграциянинг асосини савдо-содиқ, иқтисодий ҳамкорлик бошлаб беради. Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг бир-бири билан у даражада қалин эмаслигини инобатга оладиган бўлсак, ҳар қандай “Ипак йўли” ташаббуслари минтақада интеграция жараёнига туртки берувчи муҳим омил ҳисобланади. Гарчи Хитой, АҚШ Ипак йўли ғоясини популистик мақсадларда ишлатаётган бўлса-да, ўтмишда минглаб километр масофада давлатларни савдо-содиқ, иқтисодий ва маданий муносабатларда боғлаб турган Ипак йўли келажакда ҳам ўша вазифасини бажариши турган гап. Бунга кўпроқ сиёсий хоҳиш, умумий саъй-ҳаракат ва якдиллик керак бўлади, холос. Зотан, йирик истеъмол бозорига айланиб бораётган Марказий Осиё иқтисодий интеграцияни йўлга қўймас экан, оқибатда уларнинг ўрнини бошқа мамлакатлар эгаллайди.

Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE