Ўзбекистонда Рамазон ойининг бошланиши 18 июнь кунига тўғри келади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилган.

Қарорда 2015 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 18 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинган.

“Эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида” Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Мазкур тадбирларни ўтказишда муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, сабр-қаноат туйғуларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, барча миллат ва халқлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этишга қаратилган кенг кўламдаги савобли амаллар, тарғибот ишлари ташкил этилади.

Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг табаррук қадамжолари ва зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилади.

SHARE