Зал баландми ё саҳна?

Бугун интернет оммавий ахборот воситаларида “Оила даврасида” газетасида чоп қилинган мақола кенг муҳокама мавзусига айланди. “Ватандош” газетаси ушбу мақолани эътиборингизга тўлиқ ҳавола этади.

Тутуруқсиз қўшиқ, ярим-яланғоч кийим, қуюшқондан чиққан тўйларнинг очиқ муҳокамасидан очиқ репортаж

…Енгил-елпи, савия­сиз қўшиқлар сўнгги пайтда мутахассислар ва кенг жамоатчиликнинг бот-бот танқидига учраётгани сир эмас. Хўш, бундай қўшиқлар-у клиплар қандай қилиб эфирга чиқиб кетмоқда? Айрим хонанда ва телебошловчиларнинг очиқ-сочиқ кийинишлари, ортиқча пардози, ўзини шармсиз тутишлари қайси мезонларга тўғри келади? Ёшлар асл санъатни танлаб олишларига нима халал бермоқда?..

20 май куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган «Маънавиятимизни асраб қолайлик!» маърифий тадбирида шу масалалар кенг муҳокама қилинди. Тадбирда сенаторлар, депутатлар, маданият ва санъат мутасаддилари, Тошкент шаҳридаги тўйхона ва ресторанлар раҳбарлари, хонандалар ва журналистлар иштирок этди.

Болам, қаҳрамонинг ким?

«Ҳозирги ёшлар ҳатто қўшиқчиларни ўз амма-холасидан кўра яхшироқ танийди». Сайтлардан бирида ёзилган бу гапда жон бор. Чунки бугун ёшлар ўз қаҳрамонини асосан санъаткорлар орасидан танламоқда. Улар машҳур, улар бой, улар чиройли, уларга… ҳамма нарса мумкин. Оммавий матбуотда уларнинг ҳатто оилавий можароларига қадар катта ўрин ажратилиб, сайтлар ва ижтимоий тармоқларда ҳаддан ортиқ пиар қилинмоқда.

Ўз қаҳрамонини қидираётган ёшларда айб йўқ. Излаганини уйидан тополмаган одам кўчага чиқиб кетади. Фарзанди­нгизга қаҳрамон топиб бермасангиз, уни ўзи топиб олади. Ана шуниси жуда хатарли, аянчли. Энг оммабоп сайтлардаги энг кўп ўқилган материалларни қаранг: машҳурларнинг яқинлари, улар боқаётган уй ҳайвонлари, кундалик одатлари, қайси русумдаги телефондан фойдаланишидан то қай рангни ёқтиришигача бўлган икир-чикирлардан иборат.

Буларнинг барчаси Президентимизнинг санъатда замон қаҳрамони лозимлиги ҳақидаги фикрлари нақадар аҳамиятли ва долзарб эканидан далолат.

Биз — Робинзон яшайдиган оролда эмасмиз

Тадбирда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова мавзуга атрофлича тўхталиб, маънавий ҳаётимиздаги иллатларни айтиб ўтди:

— Баъзан экранларимиздаги клиплар, қўшиқчию раққосаларимиз ёки актрисаларимизнинг бачкана қилиқларини кўриб, мантиқсиз сўзларини тинг­лаб, «маънавиятимизни, ёшларимиз тарбиясини соат сайин бой бериб қўймаяпмизми?», деган савол хаёлингдан ўтади. Бу борада айрим хонандаларимизнинг турли ажнабий ва миллийликка ёт либосларни кийишлари, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз қўшиқ матнлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларнинг оила даврасида кўриладиган экранларга узатилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!.

Бунга мисол тариқасида айрим хонандаларнинг саҳнага очиқ, ярим-яланғоч кийиниб чиққани тасвирланган лавҳалар тадбир иштирокчиларига намойиш этилди. Аслида либос баданни ёпиш, авратни беркитиш учун тикилади, кийилади. Бироқ экранда кўрсатилган либосларда бутунлай бунинг тескариси.

Яқинда хонанда Лоланинг саҳнага кийиб чиққан кўйлаги танқид қилинганда ушбу либос муаллифи Зулфия Султон бунга шундай муносабат билдирган экан: «Мана бу танқидга учраган либосларни миллийликка зид деб айтилганлигини нотўғри, деб биламан. Чунки бу либос миллий либос эмас (?). Қўшиқ ҳам миллий қўшиқ эмас (??)… Лола бу кийимда кўчада юради ёки у ёқ-бу ёққа боради дегани(???) эмас-ку».

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси бунга қуйидагича жавоб берди:

— Биринчидан, одамлар, айниқса, ёшлар кўчадан кўра саҳнадан кўпроқ ибрат оляпти бугун. Қолаверса, нима, саҳнада ярим-яланғоч кийим билан чиқиш мумкин эканми? Саҳнанинг ҳам ўз маданияти, кийиниш одоби бор-ку!

— Кийим — бу ғоявий қурол, — деди «Осиё рамзи» Ўзбекистон дизайнерлар ва модельерлар уюшмаси раиси Холида Комилова. — Дунёда саноқли миллатлар қаторида ўзбек халқи ўз кийиниш маданиятига, бу борада тизимли қонун-қоидаларига эга. Бугун эса баъзи талабалар ўқишга келинлик либосида, ялтир-юлтур, тўйбоп кийимларда ёки йиртиқ шиму тор футболкада келаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. Мана шулар саҳнаю клипларнинг ёшларга таъсири эмасми?

Яқинда бир хонанданинг бўйнига сариқ латтани «галстук» қилиб, ранг-баранг камзулини кўз-кўзлаб, «бундай кўринишдаги костюм тиктириб овора бўлманглар, бу қонунийлаштирилган», деган «баёноти» ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Ўйлаб қоласан: наҳотки, йигитлар ҳам ўзидаги либосни бошқада кўрса, жаҳли чиқадиган бўлиб қолди…

Тадбирда айрим телебошловчи қизларнинг кийиниш ва пардоз маданияти етарли эмаслиги, баъзилари ўзларига ҳаддан ортиқ оро бериб, ўта ялтироқ, бачкана безакли либослар билан экранда кўринаётгани танқид остига олинди.

— Бу масала биринчи марта кўтарилаётгани йўқ, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Дилором Умарова. — Унинг ечимини топиш учун биз ёш касбдошларимизга амалий ёрдам беришимиз керак. Менимча, ҳар бир каналда бадиий кенгаш ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Азалдан юртимизда катта самара берган «устоз-шогирд» мактабини тиклаб, ёш мутахассислар учун маҳорат дарсларини ташкил этиш лозим, деб ўйлайман.

Бугун айрим матбуот нашрлари мана шундай «шоу-бизнес»чилар тегирмонига сув қуймоқда. Уларнинг ётиб туришидан тортиб, ишқий можароларигача ёритиб, «оммавий маданият»нинг чуқур илдиз отишига «ҳисса» қўшаётганини қандай тушуниш мумкин? Бир хонанданинг соч турмагига бир «Ласетти»нинг пули кетгани ҳақидаги гапни матбуотда шов-шув қилиш исрофгарчилик, табақаланишни тарғиб этиш эмасми?

…Тадбирда айтилганидек, Робинзон кимсасиз оролга тушиб қолиб, «мана, энди истаганча яшаш мумкин», деб ўйлайди, бироқ у фақат одамларнинг ёрдами билангина жамиятга қайтади. Ўзбекистон — Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади.

Ёшлар қалби билан ҳазиллашманг

Кунда-кунора матбуотда ёки телеканалларнинг бировида мазмунан саёз, ғоявий бўш, «оммавий маданият» унсурларига мўл қўшиқ-клиплар танқид қилинганига кўзимиз тушади. Аммо бошқа каналга ўтсангиз, айнан ўша клип берилаётган бўлади. Хўш, нега? Улар қандай қилиб эфирга чиқиб кетмоқда?

— Баъзан учрашувларда ёши улуғ инсонлар «мана, шу қўшиқ-клипларни танқид қиляпсиз, аммо уларни телевизорда кўряпмиз-ку, хўш, фарзандларимиз кимга қулоқ солишсин», деган саволни беришади ва бу ҳақли талабдир, — деди Э.Боситхонова. — Қўшиқ-клиплар савияси-мазмунига ким жавоб беради? «Ўзбекнаво» «Биз фақат ижро учун лицензия берамиз, у ёғи бизнинг ишимиз эмас», деса, телевидение «Биз шартнома асосида жойлаштирамиз, Кенгашимиз тасдиқлаб берган», дейди. Маънавият тарғибот маркази «шу бўйича тарғибот тадбирлари ўтказаётгани»ни айтади. Барчаси ўз ҳолича тўғридир, лекин аниқ чоранинг ўзи йўқ.

Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган «Ораста қизлар» тўгараги аъзолари салбий ва ижобий баҳолаб саралаган айрим клиплар экранда кўрсатилди. Қизлар клипларни таққослаб, шундай дейишди:

— Мана бу клиплардаги алжирашлар, ёқимсиз қилиқлар, келиннинг тўйидан қочиши, хонанда қизларнинг очиқ-сочиқ кийимлари — булар ўзи қандай ғоялар? Шулардан ўрнак олишимиз керакми? Мана бу клипда тасвирланган Миллий кутубхонамиздаги ишқий саргузаштларни кўриб ҳайрон қолдик. Ахир бемаъни қилиқларга тўла бу клипнинг шундай улуғ даргоҳда тасвирга олинишини, шунга рухсат берилганини нима билан изоҳлаш мумкин?..

Хўш, яхши клип олишнинг мезонлари қандай? Мамлакатимиздаги санъат олийгоҳларида бу йўналишда кадрлар тайёрланадими? Клипнинг бадиий-маънавий талаблари қанақа? Ўзи, бунга эҳтиёж борми?

Шу каби саволлар билан Ўзбекистон санъат ва маданият институти «Кино, телевидение ва радио режиссёрлиги» кафедраси мудири, доцент Феруза Файзиевага мурожаат қилдик.

— Клип — ўзига хос кичик фильм, у ўз сюжет-драматургиясига, ғоявий-бадиий ечимига эга бўлиши керак, — дейди Феруза Файзиева. — Бугунги кундаги клипларнинг сюжетларида бир хиллик, кўчирмакашлик кўп. Сўз ва тасвир уйғунлиги йўқ. Бугун салоҳиятли режиссёрлар кам эмас, аммо соҳадан мутлақо узоқ кишилар олган савиясиз, енгил-елпи клиплар кўпайиб кетмоқда. Клипларнинг бадиий-ғоявий савияси назоратга олиниши зарур. Институтимизнинг «Кино, телевидение ва радио режиссёрлиги» йўналишидаги «Режиссура» фанида «Клип режиссураси» мавзуси назарий ва амалий тарзда ўтилади. Ҳар йили билимли, салоҳиятли режиссёр кадрлар етиштиряпмиз, бироқ уларнинг кўпи олғир ва устоз кўрмаган «мутахассислар» соясида қолиб кетмоқда.

Тўғри, шоу-бизнес ўз оти билан бизнес. Бироқ Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзо тадбирда айтганидек, ёшлар тарбияси, қалби билан ҳазиллашиш — бизнес эмас, ғоявий таҳдиддир.

— Эстрада санъати маҳсулот­ларининг маънавий савиясини қонун йўли билан тартибга солиш пайти келди, — деди Иқбол Мирзо. — Шундагина бу муаммолар барҳам топади. Биз бугун четдан келаётган ғоявий таҳдидларга қарши курашаётган бир пайтда, боя экранда кўрсатилгани каби, ўзингдан чиққан бало бўлиб ўз миллати савиясини туширишга, мафкурасини бузишга уринаётганларни ким деб аташ мумкин?

Яна бир муаммо — ҳеч қандай бадиий кенгашдан ўтмаган шеърга ўхшаш матнларнинг катта-катта китоблар ҳолида чоп этилаётгани. Шуларни ҳам қайсидир нашриётлар чоп этмоқда, кимлардир ўқиб, кимлардир қўшиқ қилмоқда. Бемаза қўшиқ-клиплар давлат каналлари эфирига қўйилмагани билан улар хусусий каналларда, меҳмонхона-кафелар мониторларида бемалол намойиш этилмоқда. Буни ҳам тартибга солиш вақти аллақачон етган.

«Шашмақом» айтилса, тўй азага айланадими?

Фикр, ижод тўхтаган жойда тараққиёт бўлмайди.

Агар қўшиқ тайёр бўлишдан олдин бадиий кенгашдан ўтказилганда, «стоп, стоп, дема / кўзимга қара, кўнглимга қара / дидим шунақа / менга ёқади шунақа / тик-так, тук-тук» ёки «саламандра ботинкам / Роналду Мессидан қатим кам» каби жумлалар хиргойига ҳам айланмас, шу кабиларни қўшиқ қилиб айтаман, деганлар ҳам харажатига куйиб қолмаган бўлармиди.

— Бу муаммоларнинг асосий омили — санъатнинг бозорга айланганида, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева. — Бозор тез кетадиган маҳсулотни талаб қилади. Яна бир гап: бугун кўп одамлар тўйни фақат ўйин-кулги, жазавали рақсдан иборат, деб билади. Миллий куй-қўшиқлар тўйларда деярли айтилмай қўйди. Масалан, ўзимга кўпинча «биламиз, яхши қўшиқ айтасиз, аммо тўйни азага айлантирманг, ўйинбопларидан айтинг», дейишади. Наҳотки, «Шашмақом» айтилган тўй азага айланса?!.

Ҳа, эстрада ва тўйлар савияси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Тадбирда айтилишича, фақат Тошкент шаҳрида 140 дан зиёд тўйхона ва ресторанлар фаолият юритмоқда. Ўрнатилган тартибга қарамай айрим тўйлар дабдаба ва мол-дунёни кўз-кўз қилиш, ҳаёсиз рақслар майдонига айланиб қолмоқда.

Экранда интернетда тарқалган тўйлардан биридаги ҳолат кўрсатилди. Унда келин икки дугонаси билан куёвнинг олдига турли ажнабий рақслар билан ўйнаб келди, куёв эса тўйи замонавий ўтаётганидан хурсанд.

— Бу лавҳани кўриб «бир вақтлар ўз тўйида кўзини ердан олмай ўтирган ўзбек қизларининг бугунги аҳволи шуми?», деб ҳайрон қоласан одам, — деди Э.Боситхонова. — Қиз-ку майли, уни эл олдида ўйнатиб кўз-кўз қилаётган куёв боланинг ғурури қайда қолди? Ахир, бир вақтлар келин салом, «юз очди» каби миллатимизга хос энг гўзал одатларимиз бугун эскилик сарқитига айландими? Шуми замонавийлик, шуми янгича маданият?

…Мазкур маърифий тадбирлар — ҳаёт тақозоси, давр талаби. Бироқ ўша куни ҳатто залда ўтирганларнинг барчаси ҳам бу масалалар нақадар жиддий ва муҳим эканини англаб етди, дейиш қийин. Чунки эснаб ё телефонини ўйнаб ўтирган ёшларни ҳам учратдик. Танқидлар бошлангач, баъзи хонандалар зални тарк этишди. Бу танқидга тоқатсизликми ё гапираётганларга очиқ ҳурматсизлик — билолмадик…

Саҳна ҳамиша залдан баланд бўлган, фақат бу ҳаётга кўчса, табиий тус олса, санъат ва мухлис ўзига қайтса бўлди. Бу эса нафақат бир ҳовуч зиёлилар, балки ўзи, оиласи тақдирига бефарқ бўлмаган барча инсонга дахлдор масала. Зеро, фарзандингизнинг эртага қандай инсон бўлиши бугун унинг онгини қандай ғоялар эгаллаганига боғлиқдир.

 

Умид ЁҚУБОВ,

«Оила даврасида» мухбири

SHARE