Ўзбекистонда электр энергиясига нарх белгилашнинг янги тизими жорий қилинади

“Ўзбекэнерго” акциядорлик компанияси электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисоблаш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этишга оид ишларни давом эттирмоқда. Ушбу тизим электр энергияси истеъмолчилари учун чегирмаларни қўллаш имконини беради.

“Экономическое обозрение” нашрининг ёзишича, ҳозирда янги авлод ҳисоблагичларини ишлаб чиқариш бўйича завод қурилишига оид тендернинг якунлари сарҳисоб қилинмоқда. Завод “Навоий” махсус эркин иқтисодий зонада фаолият олиб боради.

Янги тизимга биноан, амалдаги тарифлар диверсификация қилинади. Маълумки, электр энергияси истеъмолида иккита чўққига етадиган давр мавжуд: тонги ва кечки соат олтидан тўққизгача. Бу соатлардаги истеъмолни камайтириш учун муайян вақтда электр энергияси тўланишига чегирма таклиф қилинади. Яъни, истеъмолчи кир ювиш машинасидан кундузи эмас, кечаси фойдаланса, сарфланган электр энергияси учун камроқ пул тўлайди. Тариф чегирмалари айрим кундузги соатлар учун ҳам қўлланилади. Чора-тадбирлар дастурига кўра, тизим билан мамлакатнинг барча ҳудудлари 2020 йилгача қамраб олиши керак.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонда тизим такомиллашмагани сабабли аҳоли ишлатган қарийб 2 млрд. кВт/с ҳамда хўжалик субъектларида фойдаланилган 1 млрд. кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ҳисобга олинмайди.