Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 15 майдаги фармонига биноан микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларида текширув ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

“Телеграф” сайтининг ёзишича, 2015 йилнинг 1 июлидан фақатгина Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг қарори билан микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларидан барча текширувларни ўтказиш ҳар тўрт йилда бир мартта, бошқа хўжалик субъектларида эса — уч йилда бир марттадан ортиқ амалга оширилмайди.

Шунингдек, молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни ўтказиш муддати 30 календар кунидан 10 кунгача қисқартирилди. Тадбиркорлик субъектларига текширувлар давомида йўл қўйилган хатоларни тузатиш имкони берилади.

Ҳужжатга мувофиқ, режали текширувлар фақатгина охирги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олиши керак. Жиноий иш очилганлиги юзасидан ўтказиладиган текширувлар адвокатлар иштирокида амалга оширилади, хўжалик субъекти адвокатни жалб қилиш ҳуқуқидан бош тортган ҳоллар бундан мустасно.

Шу билан бирга, биринчи марта солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош торган шахс, давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, жиноят аниқланганидан кейин 30 кун ичида пеня ва молиявий санкцияларнинг бошқа турларини тўлаган тақдирда, жавобгарликдар озод этилиб, унга қарши жиноий иш очилмайди.

Бундан ташқари, етказилган моддий зарар тўлиқ қопланган тақдирда, сохта банкротлик ва банкротликни яшириш учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди. Савдо қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун айбдорлар фақат маъмурий жавобгарликка тортилади. Ўта йирик миқдордаги ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

Солиқ текширувларини ўтказишда мораторий қўллаш учун мезонлар учтадан иккитагача қисқартирилди. Эндиликда булар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланиши ҳамда ишлаб чиқариш ҳажми ўсишини таъминлашдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятида солиқ текширувларини ўтказиш учун мораторий 2017 йилнинг 1 январигача белгиланган (жиноий иш очилиши доирасида юридик шахслар тугатилиши, шунингдек, бюджет ва марказлашган маблағ ва ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ режадан ташқари текширувлар бундан мустасно).

Ҳужжатга кўра, Бош прокуратурага Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида 2015 йилнинг 1 июлигача давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органларининг фаолиятларига асоссиз аралашуви масалалари бўйича кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларининг узлуксиз қабул қилиш тизимини ташкил этиш топширилди.

SHARE