Россиялик таниқли хонанда Полина Гагарина Тошкентдаги қўшиқларни фонограмма орқали ижро этган. Бу ҳақида “Batafsil.uz” сайти хабар тарқатди.

“Жонли ижро фонограммадан қанчалик фарқ қилишини санъат вакиллари ҳам, тингловчилар ҳам яхши билишади. Тасаввур қилинг, жонли ижрога чипта олсангиз-у, хонанда фонограмма билан қўшиқ айтса? Афсуски, яқинда пойтхатдаги “Истиқлол” санъат саройида айнан шундай ҳодиса юз берди”, деб ёзади агентлик.

Хабарда айтилишича, Давлат рақобат қўмитаси ходимлари томонидан оммавий ахборот воситаларида берилган реклама ўрганилганда, айрим нохуш ҳолатлар аниқланган. Хусусан, жорий йилнинг 28 февраль куни “Eldorado Production” компанияси томонидан “Истиқлол” санъат саройида Россиялик Полина Гагарина иштирокидаги концерт дастури ўтказилиши ҳақида эълон қилинган. Мазкур рекламада барча қўшиқлар жонли ижро этилади деб кўрсатилганлиги учун Давлат рақобат қўмитаси томонидан бу борада тегишли ўрганишлар олиб борилган.

Қўмита ҳузуридаги доимий ишчи гуруҳ аъзоси, Ўзбекистон санъат ва маданият институти овоз режиссураси ва кинотелеоператорлик кафедраси катта илмий ходими, катта ўқитувчи Э.Йўлдошев берган хулосага кўра, ушбу концерт дастури асосан фонограмма остида ижро этилган қўшиқлардан ташкил топган.

Шу асосда «Eldorado Production» компанияси ҳаракатларида “Реклама тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 13-моддалари билан назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланган. Яъни компания нотўғри рекламанинг тарқатилишга олиб келган ҳаракатлар содир этганлиги боис, унга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилган.

SHARE