Бухорода судхўр аёл ўлдириб кетилди

2015 йилнинг 17 июнь куни Бухоро шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида даҳшатли жиноят содир этилган. Кундузи тахминан соат 13:30да номаълум шахс кишиларга қарзга пул берувчи судхўр аёлни ўлдирган. Бу ҳақида “Подробно” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Хабарда жабрланувчининг исми келтирилмаган.

Гувоҳларнинг айтишича, ўша куни номаълум кимса қўлидаги шиша идиш билан ўйнинг подъездига кириб, судхўр аёлни сўраган. У излаган аёл бошқа подъездда яшашини эшитган жиноятчи индамасдан чиқиб кетган.

Бир неча соат ўтгач, тутун ҳидини сезиб қолган қўшнилар милицияга хабар беришган. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган тезкор ходимлар ўта ваҳшийлик билан қотиллик содир этилганлигини аниқлашган.

Хабарда айтилишича, хонадон кириш эшигининг бузилмаганлиги марҳума ўз қотилини таниганлиги ёки жиноятчи бирор таниш кимсанинг номидан келганлигидан далолат берган. Бундан ташқари, аёлга кўплаб тан жароҳатлари етказилганлиги ва қотил ўз қурбонини қийнаганлиги ҳам маълум бўлган.

Хонадондан йирик миқдордаги хориж валютаси ва қимматбаҳо тақинчоқлар олиб кетилган. Воқеа жойини тарк этишдан аввал жиноятчи жасадга керосин қуйиб, ёқиб юборган.

Қўшниларнинг айтишича, ўлдирилган аёл бир неча йил аввал ўзига тегишли бўлган квартираларни сотиб, фоиз эвазига пулларни қарзга беришни бошлаган. Шунингдек, судхўр аёлнинг ўйига кўплаб номаълум кимсаларнинг келиши кузатилган.

Айни кунларда милиция ходимлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

SHARE