Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева мусиқа инсон онги ва қалбида чуқур акс-садо бериб, уни олижаноб мақсадлар сари илҳомлантирадиган, эзгуликка даъват этадиган қудратли куч эканлигини айтади.

Унинг ЎзА мухбирига айтишича, бу борада “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётир. Ушбу мусиқа байрами халқимизни дунё халқлари мусиқа санъатидан баҳраманд қилиш, жаҳон мусиқа санъатида кечаётган ижодий жараёнларни атрофлича ўрганиш, ўз навбатида, бетакрор миллий санъатимизни оламга намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“1997 йили ўтказилган “Шарқ тароналари” I халқаро мусиқа фестивалида мақом йўналишида Алишер Навоий ғазали билан айтилувчи “Ушшоқ”, Мискин ғазали билан “Эй, дилбари жононим” ашулаларини ижро этгандим. Бу қўшиқлар турли миллат ва элат вакиллари олқишига сазовор бўлди. Бу ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг жозибаси, сеҳри, бетакрорлиги билан боғлиқ. Мумтоз мусиқамиз киши руҳияти, маънавиятига ижобий таъсир ўтказувчи қудратга эга. У инсонни маънавий покликка, эзгуликка даъват этади, тингловчини борлиқ, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англаб етиш каби чуқур фалсафий мушоҳадага ундайди. Одам ўзида янгиланиш, яшаришни ҳис қилади”, дейди хонанда.

Муножот Йўлчиева “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида эришган муваффақияти ижодий фаолиятида алоҳида ажралиб туришини таъкидлайди. Сабаби, ҳар бир санъаткор ўз юртида ўтказиладиган нуфузли халқаро анжуманда ғолиб бўлишни чин дилдан истайди, улкан масъулият юкини ҳис этади.

“Англияда ўтган концертларимнинг бирида “Ушшоқ”ни олд қаторда ўтирган нуроний отахон шунчалар берилиб тингладики, овозимга овоз қўшилди. Концерт тугагач, ўша отахон ёнимга келди. У киши кўп йиллар фалаж бўлиб ётган экан. Бир куни унга дўстлари ушбу ашула ёзилган дискни совға қилибди. Отахон ҳар куни “Ушшоқ”ни эшитиб, унга батамом мафтун бўлибди. Қўшиқнинг маъносини сўраб билгач, ошуфталиги янада ортибди. Отахон кўзда ёш билан “Ишонинг қизим, мумтоз ашулангиз менга даво бўлди, бугун илк марта ўз оёғим билан юриб кўчага чиқдим”, деди. Бу гапларга бирон нарса қўшиш, изоҳлаш ортиқча, деб ўйлайман”, дейди у.

Хонандага кўра, “Шарқ тароналари” куй-қўшиқлар воситасида инсониятни тинчлик, инсонпарварлик, маънавий комиллик йўлида бирлаштирмоқда. Бугунги мураккаб замонда халқлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг Самарқанддан ўзга шаҳарда ўтказилишини тасаввур эта олмайман. Зеро, бу кўҳна шаҳар Шарқ мусиқаси, фалсафаси, маънавият, илм-маърифатга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган дунё тамаддуни бешигидир”, деди у.