Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари амалий мулоқот ўтказади

Бугун 22 июнь куни Тошкентга Тожикистон ҳукумати делегацияси ташриф буюради. Улар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида иштирок этади.

Комиссиянинг Ўзбекистон томонидан раиси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов, Тожикистон томонидан эса бош вазирнинг биринчи ўринбосари Давлатали Саид бўладилар.

Расмий маълумотларга қараганда, икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий базаси 113 шартнома ва келишувлардан иборат бўлиб, улар 1992 йилдан буён турли даражадаги алоқалар муносабати билан имзоланган. Ушбу ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг деярли барча томонларини қамраб олади.

Асосий ҳужжатлар 1993 йил 4 январда Тошкентда имзоланган дўстлик, қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги ҳамда 2000 йил 15 июнь куни имзоланган икки давлат ўртасидаги абадий дўстлик тўғрисидаги шартномалардир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрь ойида Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Душанбеда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан мулоқот олиб боргандан сўнг икки мамлакат турли идоралари ўртасида мулоқотлар бирмунча фаоллашди. Тошкентда бўлиб ўтадиган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ушбу мулоқотларнинг амалий натижаси ҳисобланади. Чунки ушбу комиссия йиғилишида икки мамлакат раҳбарлари белгилаб берган вазифалар ижроси кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг ўтган йил Душанбедаги учрашувида тарафлар мавжуд муаммолар учта тоифага ажратилган эди. Унга биноан, биринчи галда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган ҳамда жиддий ҳаракатларни талаб қилмайдиган муаммолар, иккинчи галда ўрта узоқ муддатга мўлжалланган муаммолар, учинчи ўринда кўп вақт ва катта саъй-ҳаракатлар талаб қилинадиган муаммолар кетма-кетлиги белгиланган.

Унга мувофиқ, икки давлат фуқаролари учун виза режимини юмшатиш (икки давлат фуқаролари учун камида 30 кунлик визасиз сафар қилиш имкониятини яратиб бериш) ҳамда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон учрашувида биринчи галда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларнинг биринчи доирасига киритилган.

Маълумотларга кўра, икки қўшни мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш сўнгги етти йилда 300 миллион доллардан 2,1 миллион долларга тушиб қолди. Ваҳоланки, икки мамлакат савдо алоқаларини йилига 500 миллион долларгача чиқариш имкониятига эга.