Луиза Махмудова / «Туркистон-пресс» AA/Gazeta.uz

Тошкентда, аввал хабар қилинганидек, 23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

ЎзАнинг хабар беришича, тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, божхона, транспорт ва транспорт коммуникациялари, авиаташув, электротехника, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар 1996 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида эркин савдога оид битим асосида изчил ривожланмоқда. МДҲ доирасида имзоланган Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартнома ҳам бу йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми ўсиб бораётир. 2014 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 160 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш учун икки томон ҳам улкан имкониятларга эга экани қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва турини кенгайтириш, юкларни ташиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма корхоналарни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўтказиладиган саноат кўргазмаларида Ўзбекистон ва Тожикистон ишбилармонлари иштирокини янада кенгайтириш ва фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

– Ўзбекистон Тожикистоннинг энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорларидан, – деди Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Давлатали Саид. – Ўзбекистон – Тожикистон қўшма комиссияси мажлислари ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришга, ҳамкорликнинг янги имкониятларини кашф этиш ва бизнес борасида тажриба алмашишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон билан, фан ва техника, таълим, транспорт ва транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдормиз.

“Биз Тошкентда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш бўйича томонларнинг ташаббуси жуда муҳим ва давр талаб қилаётган эди”, деди Рустам Азимов.

Бош вазир биринчи ўринбосарининг фикрича, икки мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва ҳамкорлиги, аввало, бошқа соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилади. “Фақат савдо-иқтисодий ҳамкорликкина сўнгги йилларда бизнинг муносабатларимизда шаклланган барча катта тугунларни ечиш имконини беради. Биз жуда кўп вақт мобайнида ўзаро учрашмадик. Ҳукуматлараро комиссия охирги мажлиси 2009 йил 18 февралида Душанбеда ўтказилган эди. Бугун икки томонлама муносабатларимизда муҳим воқеалардан бири бўлди. Тор доирадаги учрашувда икки томонлама иқтисодий-савдо муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдик. Шуни комил ишонч билан айтишни истардимки, жуда кўплаб масалаларда бизнинг қарашларимиз ўзаро уйғун келади”, деди у.