Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари ҳақида шундай таъриф беришади: “икки тилда сўзлашувчи бир халқ”. Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик халқи географик жойлашуви, турмуш тарзи, маданияти, урф-одати бир-бирига жуда яқин бўлган, асрлар давомида қавми қариндош бўлиб яшайдиган икки халқ ҳисобланади.

Бироқ, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотлар бирмунча совиб, савдо, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик алоқалари кескин тушиб кетди. Булар нимада намоён бўлади:

Биринчидан, икки қўшни мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш сўнгги етти йилда (2014 йил сентябрдаги маълумот) 300 миллион доллардан 2,1 миллион долларга тушиб қолди. Ваҳоланки, ўзаро савдо алоқаларини йилига 500 миллион долларгача чиқариш мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия 2009 йилдан бери ўзининг навбатдаги мажлисини ўтказмаётган эди. Умуман, ҳукумат ва давлат раҳбарлари фақатгина МДҲ, ШҲТ ва бошқа ташкилотлар доирасидагина мулоқот қилишар эди.

Учинчидан, икки мамлакат ўртасида 1993 йилдан бери ҳаво қатнови амалга оширилмайди. Темир йўлда юк ташиш, йўловчи ўтказиш имкониятлари ҳам кескин тушиб кетди.

Шундай бўлса-да, 2012 йилда Ўзбекистон Республикасининг янги Ташқи сиёсий фаолият концепцияси қабул қилиниши (унда Ўзбекистон дунёнинг барча мамлакатлари, биринчи ўринда, қўшни мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаши кўрсатилган), қолаверса, Президент Ислом Каримовнинг ШҲТ саммити доирасида 2014 йил сентябрида Душанбега ташриф буюриши ва Эмомали Раҳмон билан олиб борган мулоқоти натижасида икки томонлама алоқаларни жонлантириш юзасидан принципиал келишувга эришилди.

Ҳозирча фақат “иқтисодиёт тили”да мулоқот қилинади

Икки давлат ташқи ишлар, иқтисодиёт, ҳаво ва темир йўллари, давлат чегара органлари ўртасида тўғридан-тўғри идоравий алоқалар қайта жонланди, куни кеча Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Икки мамлакат ҳукуматлари раҳбарларининг биринчи ўринбосарлари ҳамраислигида ўтган мажлисда қўшни давлатлар ҳозирча “иқтисодиёт тили”да гаплашиб туришга келишиб олишди. Чунки бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга фурсат ҳали пишиб етилмади. “Икки мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва ҳамкорлиги, аввало, бошқа соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишга хизмат қилади. Фақат савдо-иқтисодий ҳамкорликкина сўнгги йилларда бизнинг муносабатларимизда шаклланган барча катта тугунларни ечиш имконини беради”, деди ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Рустам Азимов.

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ўтган йили икки мамлакат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш 160 миллион долларни ташкил қилибди. Бу ҳам асосан хизмат кўрсатиш соҳасига тааллуқли бўлиб, реал иқтисодиётдаги ҳамкорлик ҳаминқадар эканлиги икки томондан ҳам қатъий таъкидланган. Шу боис Ўзбекистон томони енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кимёвий ва электроэнергия товарлари ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришга тайёрлигини маълум қилган. Тожикистон тарафдан ҳам бундай таклиф беришлари сўралган.

Бу, албатта, ўзаро мулоқотларни янада жонлантиришда муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, томонлар ўзаро темир йўл хизмати тарифларини арзонлаштириш, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиақатновнинг истиқболлари, виза режимини енгиллаштириш юзасидан ҳам фикр алмашишган. Бу борада аниқ бир тўхтамга келингани ҳақида маълумотлар бўлмаса-да, ана шундай ўткир масалаларда ўзаро мулоқотнинг борлигини ижобий баҳолаш лозим.

Энг муҳими, Сингапур давлати асосчиси Ли Куан Ю айтганидек, қўшни мамлакатлар билан низолашмасдан, кўпроқ савдо-сотиқ қилиш керак.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг ўтган йил Душанбедаги учрашувида тарафлар мавжуд муаммолар учта тоифага ажратилган. Унга биноан, биринчи галда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган ҳамда жиддий ҳаракатларни талаб қилмайдиган муаммолар, иккинчи галда ўрта узоқ муддатга мўлжалланган муаммолар, учинчи ўринда кўп вақт ва катта саъй-ҳаракатлар талаб қилинадиган муаммолар кетма-кетлиги белгиланган.

Гапирилма(йди)ган мавзулар…

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида муносабатларнинг совуқлашиши ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Гарчи сўнгги пайтларда Ўзбекистон расмий ва норасмий нашрларида Тожикистоннинг трансчегаравий дарёлар бўйидаги Роғун ГЭСи қурилиши ва Тожикистон алюмин заводи фаолияти оқибатлари ҳақида қарийб гапирилмаётган бўлса-да, томонлар ушбу стратегик масалаларда аниқ бир тўхтамга кела олгани йўқ. Чунки ушбу лойиҳалар ижроси Ўзбекистон учун салбий оқибатлар олиб келиши турган гап.

Шу билан бирга, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси ҳали ҳануз Россия қуролли кучларининг 201-дивизияси томонидан қўриқланаётгани, умуман, Ўзбекистоннинг “тумшуғи”да рус ҳарбий базасининг бўлиши ҳеч кимга қувонч бағишламайди. Қолаверса, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органларининг терроризм ва наркотрафикка қарши кураш борасидаги фаолияти самарадорлиги шубҳа остида экани ҳам ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаришга халақит беради.

Ва ниҳоят, Ўзбекистон бугунги кунда имкон қадар Россиянинг таъсир доирасини қисқартиришга ҳаракат қилаётган бир пайтда Тожикистоннинг Россияга ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий қарамлиги ортиб бораётгани яқин қўшничилик ҳақида баралла айтишга тўсқинлик қилади, албатта.

Нима бўлганда ҳам, Тожикистон Ўзбекистоннинг жон қўшниси, минглаб тожиклар ўзбекларга келин, куёв, минглаб ўзбеклар тожиклар билан қуда-анда, қариндош. Бу ришталар кеча ёки юз йил аввал пайдо бўлмаган, балки асрлар давомида шаклланган. Шундай экан, икки мамлакат ўртасидаги ҳар қандай мулоқот икки халқ учун фойда келтирса келтирадики, зиён келтирмайди.

Мурод ҒОФУРОВ