АҚШ Олий суди мамлакатнинг барча штатида бир жинс вакилларига никоҳдан ўтиш ҳуқуқини берди. Bloomberg ахборот агентлиги хабарида айтилишича, бу қарор АҚШ фуқаролик ҳуқуқида сўнгги ярим аср давомида ҳукмронлик қилиб келган тушунчаларни ўзгартиради.

Ушбу қарорни қўллаб-қувватлаб, Олий суднинг 5 нафар судьяси овоз берди, 4 нафари эса қарши чиқди. Шундай қилиб, суд 14 та штатда мавжуд бўлган бир жинс вакилларига тақиқни бекор қилди. АҚШда бундан 11 йил муқаддам Массачусетс штати илк марта бир жинс вакилларининг никоҳдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлаган эди.

Хабарларда айтилишича, Олий суднинг ушбу қарори жойларда кескин кутиб олиниши мумкин. Чунки аксарият штатларда давлат идоралари бир жинсли никоҳни қайд этишдан бош тортишмоқда.

Gallup сўровига кўра, Америка аҳолисининг 60 фоизи бир жинс вакиллари никоҳини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Ваҳоланки, 1999 йилда ушбу кўрсаткич 27 фоиз эди.

Барак Обама Олий суд қарорини олқишлаган.

SHARE