КоммерсантЪ

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик йўллади.

Табрикда қайд этилишича, халқимиз, миллатимиз асрлар давомида одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби эзгу фазилатларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, неча-неча авлодларга безавол етказиб келаётгани тарихимиздан яхши маълум.

“Эл-юртимизни минг йиллар оша турли тўфон ва бўронлардан омон сақлаб, барчамизга куч-қудрат бағишлаб келаётган, ҳаётимизни ҳар томонлама юксалтирадиган бундай олижаноб қадриятлар, ўйлайманки, оммавий ахборот воситаларимиз учун ҳеч қачон аҳамиятини, қадрини йўқотмайдиган бош мавзулар бўлиб қолади. Чунки, маънавиятни асраш – аввало инсонийликни, инсоннинг ўзини асраш демакдир. Маънавий дунёмизга қарши қаратилган таҳдид ва хуружлар тобора кучайиб бораётган бугунги вазиятда бу ўткир ҳақиқатни барчамиз асло унутмаслигимизни истардим”, дейилади табрикда.

Шулар ҳақида гапирганда, рухсатингиз билан, илгари ҳам айтган фикримни яна бир бор эслатмоқчиман, дейди Ислом Каримов. Биз моддий томондан ривожланган мамлакатлардан балки ҳозирча бироз орқададирмиз, лекин маънавий жиҳатдан манаман деган давлатлардан ўтиб кетганмиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Бугунги кунда бошимизни баланд кўтариб, ғурур ва ифтихор билан яшашга имкон берадиган бундай бебаҳо бойликни қўлдан чиқармасдан, ёшларимизга ҳам етказсак, уларнинг онги ва қалбига чуқур сингдирсак, азиз фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида баркамол инсонлар этиб тарбияласак, ҳеч шубҳасиз, эртанги кун, келажак бизникидир.

“Ана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифани адо этишда жамиятимиз, барчамиз аввало сизларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, профессионал маҳоратингиз, гражданлик позициянгизга таянамиз”, дейилади табрикда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни сифатида нишонланади.

SHARE