Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг (МТРК) “DVB-T” рақамли форматида трансляция қилинувчи 12та миллий телеканали рақамли телевидениенинг барча фойдаланувчилари учун очиқ тарзда тақдим қилиниши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, рақамли телевидениедан фойдаланаётганлар учун “Ўзбекистон”, “Yoshlar”, “Тошкент”, “Sроrt”, “Оилавий”, “Bolajon”, “Navo”, “Madaniyat va marifat”, “Diyor”, “Dunyo bolab”, “Kinoteatr” ва “Mahalla” ижтимоий телеканаллари бепул намойиш қилинади.

Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўрганилган ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, фойдаланувчилар томонидан телевидение хизматлари учун ҳақ тўланмаганда кўпчилик пуллик рақамли телевидение провайдерлари ушбу 12та телеканални бепул тақдим қилишни тўхтатиб қўймоқда.

Таъкидлаш жоизки, “UzdigitalTV” МЧЖ мижозлари ҳисобида пул қолмаса, ушбу провайдер фақатгина пуллик каналларни узиб, бепул 12та миллий телеканални кўрсатишни давом эттираверади.

Шу муносабат билан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига телевидение хизматлари учун ҳақ тўланмаганда миллий (бепул) каналларнинг қолган пуллик каналлар билан бир қаторда узиб қўйилиши ҳолати қанчалик қонунга тўғри келиши борасида маълумот бериш мақсадида хат йўлланди.

Ушбу ҳолат бўйича Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги “Ўзбектелеком” АК, “UzdigitalTV”, “МакsLayn” ва “O’zbekistonKabelTelevideniyasi” МЧЖларга юқорида айтилган 12та канални мижозлар ҳисобида пул қолмаган тақдирда ҳам кўрсатилиши таъминланиши бўйича мактуб йўллади.Бундан келиб чиққан ҳолда тегишли лицензияга кўра ўз фаолиятини амалга оширувчи пуллик рақамли телевидение провайдерлари ушбу 12та канални мижоз ҳисобида пул қолмаган тақдирда ҳам узиб қўйишга ҳақлари йўқлиги маълум қилинди.

SHARE