Pro-Euro protestors hold Greek national flags during a pro-Euro rally in front of the parliament building, in Athens, Greece, June 30, 2015. REUTERS/Yannis Behrakis

Сўнгги йилларда Греция дунёнинг матбуотининг асосий мавзуларидан бирига айланди. Гап шундаки, куни кеча Греция ҳукумати халқаро кредиторлар олдидаги қарзининг бир қисмини муддатида тўлай олмади, ҳукумат эса кредиторлар билан музокараларни бир томонлама тўхтатди. Боз устига, юнон ҳукумати раҳбари Алексис Ципрас шу йилнинг 5 июль куни кредиторлар қўяётган талаблар бўйича умуммиллий референдум эълон қилди.

Европа Иттифоқи кулуарларида эса Грециянинг Евроҳудуддан чиқиши ҳақида гап-сўзлар тобора кўпайди. Аммо аксарият кузатувчилар ҳар иккала томон ҳам “шантаж” қилаётганини таъкидлашмоқда.

Бугун халққа телевидение орқали мурожаат қилган Алексис Ципрас референдум албатта бўлишини қайд этиб, фуқароларни унда Евроҳудуд илгари сураётган талабларга йўқ, деб жавоб беришга чақирди.

Унинг фикрича, евроҳудуд таклифини рад қилиш навбатдаги музокараларда грекларга устувор мавқе бағишлайди. У бунга Лиссабон шартномасини референдум орқали рад қилган Ирландияни мисол қилиб келтирди. Чунки ўшанда ирландларга бирмунча қулай шарт-шароитлар ваъда қилинган эди.

У референдум Грециянинг Евроҳудуддан чиқишини англатмаслигини маълум қилди. Умуман, юнон инқирозининг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳаддан ташқари кўп ахборот бўлиб, уларнинг қайси бири ҳақиқий эканлигини баҳолаш жуда мушкул.

The Financial Times газетасининг ёзишича, Алексис Ципрас душанба куни кечқурун кредиторларга мактуб йўллаб, агар улар бир қатор ён беришларга рози бўлишса, греклар ҳукумати музокара столига ўтиришини айтган. Ципрас Грециянинг ороллари учун қўшимча қиймат солиғининг камайтирилган ставкасини сақлаб қолиш, пенсия ёшини 67 ёшга кўтариш тўғрисидаги қарорни октябрь ойига қадар кечиктиришни сўрамоқда.

Ўз навбатида, кредиторлар грек ороллари учун ҚҚС бўйича имтиёзларни бекор қилиш, пенсия ёшини 2022 йилга қадар ошириш, муддатидан олдин пенсияга чиқадиганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш, суғурта бадаллари 4 фоиздан 6 фоизга оширишни талаб қилмоқда.

Германия канцлери Ангела Меркель юнон инқирози бўйича баёнот билан чиқиб, Грецияга янги кредитлар бериш референдумга қадар муҳокама қилинмаслигини маълум қилди.

Меркелнинг айтишича, юнонларда референдум ўтказиш ҳуқуқи бор, лекин евроҳудуднинг қолган 18 аъзосининг ҳам Грецияга “тегишли тартибда” жавоб бериш ҳаққи бор.

Грециянинг ташқи қарзлари миқдори 327 миллиард евро атрофида бўлиб, унинг асосий қисми Германия (68,2), Франция (43,8), Италия (38,4), Испания (25), Халқаро валюта жамғармаси (21,4), Европа марказий банки (18,1), Нидерландлар (13,4), АҚШ (11,3), Буюк Британия (10,8) ҳиссасига тўғри келади.

Умуман, Алексис Ципраснинг хатти-ҳаракати унинг сайловолди кампаниясидаги ваъдаларига уйғун бўлса-да, кўпчилик экспертлар, айниқса, Европа Иттифоқи вакиллари уни масъулиятни ўзидан соқит қилишда айблашмоқда. Гап шундаки, референдум орқали Ципрас ҳукумати янги ислоҳотлар оқибатлари бўйича жавобгарликни грек халқи зиммасига юклайди.

Аммо экспертлар нима дейишидан қатъи назар Алексис Ципраснинг “Сириза” партияси айнан кредиторларнинг талабига қарши бўлгани учун ҳам сайловда ғалаба қозонган эди. Чунки кредиторлар молиявий кўмак эвазига Афина ҳукуматидан бюджет харажатларини кескин қисқартиришни, бир қатор солиқларни оширишни талаб қилган эди. Ципраснинг қайд этишича, кредиторлар талаби билан амалга оширилаётган ислоҳот ҳеч қандай натижага олиб келмади. Давлат иқтисодиёти ҳали ҳам ўсаётгани йўқ.

Масаланинг бошқа бир тарафи ҳам борки, аксарият грекларда Берлин бошчилигидаги капиталистларга қарши кайфият тобора ёмонлашиб бормоқда. Уларнинг наздида, кредиторлар ўз қарзларини қайтариш учунгина қарз бермоқда ва мамлакатни борган сари қарз ботқоғига улоқтирмоқда.

Албатта, якшанба куни бўлиб ўтадиган референдум Алексис Ципрас ҳукуматининг нечоғли халқ билан бирга эканини ҳам намойиш этади. Чунки унинг партияси фуқароларни кредиторлар талабига йўқ, деб жавоб беришга ундамоқда. Нима бўлганда ҳам референдум музокаралар тақдирига жиддий ўзгартириш киритмаса-да, Евроҳудуд тарихида илк прецедентларни ҳосил қилиши мумкин.

SHARE