Николай Лазаренко / Коммерсантъ

Украина президенти Пётр Порошенко мамлакат конституциясига киритиладиган ўзгартишларнинг мазмунини эълон қилди. Яқин кунларда ушбу тузатишлар мамлакат парламентига тақдим қилинади. Олий Раданинг камида 300 нафар депутати ушбу лойиҳани тасдиқлаши керак.

Порошенко ҳокимиятнинг минглаб субъектлар ўртасида тақсимлаш зарурати хусусида фикр юритди. “Марказлашувдан воз кечиш бизнинг қўшниларимиздан тубдан фарқ қиладиган жиҳатимиз бўлади. У бизни Европа стандартларига яқинлаштиради”, деди у. Конституцияга ўзгартиш киритиш лойиҳаси Венеция комиссияси томонидан маъқулланган.

Янги лойиҳага мувофиқ, марказга тааллуқли қатор ваколатлар маъмурий-ҳудудий бирликларга берилади. Шу йилнинг 1 июлидан маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ўз бюджетини шакллантиришлари мумкин. Киев томонидан тасдиқланадиган шаҳар давлат маъмурияти институти тугатилмоқда. Бошқарув сайланадиган маҳаллий кенгашларга буйсунадиган маҳаллий ижроқўмларга ўтади.

Жойларда ҳуқуқ ва эркинликларнинг амалга оширилиши устидан назоратни ўрнатиш учун префект институти ташкил этилади. Улар ҳудудларнинг бюджетига аралаша олмаса-да, муҳим назорат вазифаларига эга бўлишади.

Ўз навбатида, президент агар ҳудудлар “айирмачилик билан шуғулланишса”, жавобгарликка тортилиши мумкинлигини маълум қилди. Ушбу ҳолатда президент уларнинг ваколатини тўхтатади, Конституциявий суд эса вазиятга ҳуқуқий шарҳ беради, Олий рада эса навбатдан ташқари сайловни тайинлайди.

Донецк ва Луганск вилоятларидаги айрим туманларда вазият махсус қонун билан тартибга солиб турилади. Порошенконинг фикрича, конституцияга киритилаётган тузатишлар Минск тинчлик сулҳига ҳамоҳангдир.