UzA

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида 30 июнь – 1 июль кунлари Қашқадарё вилоятида бўлди.

ЎзАнинг хабар беришича, Президент Қарши шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишган. Хабарда айтилишича, мамлакат умумий саноат маҳсулотининг қарийб 11 фоизи ушбу вилоятда ишлаб чиқарилмоқда.

Йирик инвестиция лойиҳаси асосида Талимаржон иссиқлик электр станциясида йилига 900 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга иккита буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари жадал давом этмоқда.

2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига асосан умумий қиймати 2 миллиард 98 миллион долларга тенг 555 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунгача уларнинг 440 дан ортиғи ҳаётга татбиқ этилиб, саноат соҳасининг янги турларини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Қарши шаҳрининг ҳудуди кенгайтирилмоқда. Янги автостанция ва вокзаллар, кўпқаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилмоқда.

Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида узунлиги 56 километр бўлган ҳалқа йўли қурилмоқда. Унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган нуқталарида 6 замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар бунёд этилмоқда.

Ҳалқа йўлининг Қашқадарё дарёсини кесиб ўтадиган қисмида узунлиги 108, эни 27 метрлик янги кўприк барпо этилди. Амир Темур кўприги реконструкция қилинди.

Ислом Каримов Қашқадарё вилоятига сафарининг иккинчи куни Касби туманидаги “Камол Султон” фермер хўжалиги даласига ташриф буюрди. У ерда қишлоқ хўжалиги вакиллари билан учрашди.

“Ғаллачиликда, айтиш мумкинки, пахтачиликда ҳам муҳим бўлган мана шу кунларда сизлар каби меҳнаткаш деҳқонларимиздан ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманглар, деб мададкор бўлиш менга катта мамнуният бағишлайди”, деди Ислом Каримов.

Ижтимоий тармоқларда қайд этилишича, Ислом Каримов вилоятларга сафарга чиққанда фақат Қашқадарёга икки кунлик сафарни амалга оширади.

SHARE