Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш учун экспертлик кўмагини кўрсатади. Ушбу лойиҳа, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Штеркнинг айтишича, иккитомонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициялар бўйича кенгаш доирасида йил охиригача ишга туширилади.

“Европа Иттифоқи давлат ЖСТга аъзо бўлиб кириш учун бажариши зарур бўлган ишни баҳолашга кўмаклашишга тайёр. Экспертлик кўмагини кўрсатиш бўйича таклиф Ўзбекистон тарафидан қабул қилинган. Бу ушбу экспертлик консультацияларини амалга ошириш имкониятини Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициялар бўйича кенгаш доирасида кўриб чиқяпмиз. Биз йил охирига қадар ушбу лойиҳани ишга туширишга ҳамда ЖСТга аъзо бўлиб кириш юзасидан маслаҳатларни бошлашга умид қилиб турибмиз”, деди Европа Иттифоқи дипломати.

Ўзбекистон ҳукуматининг “2014 — 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасига донор мамлакатлар, халқаро ва хорижий мамлакатлар, халқаро ва хорижий ҳукуматлар ва ноҳукумат ташкилотларнинг техник кўмак маблағларини (грантларини) жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишиши жараёнига кўмаклашиш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирилган эди.

Европа Иттифоқи Комиссияси гранти эвазига амалга ошириладиган мазкур лойиҳага биноан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириши бўйича жамоаси аъзоларининг профессионал ва музокара кўникмаларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги масъул бўлган мазкур лойиҳага биноан, ЖСТга аъзо бўлиб кириш жараёнида салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон каби иқтисодий шароитга мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, миллий қонунчиликни ЖСТга талабларига мувофиқлаштиришга кўмаклашиш, икки ва кўп томонлама музокаралар доирасида асосий аъзо-мамлакатларнинг қўллаб-қувватлашишига эришиш, Ишчи гуруҳ бўйича турли тадбирлар ўтказиў, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиб кириши учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш белгиланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион евро бўлиб, Европа Иттифоқи Комиссияси томонидан молиялаштирилади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Илҳом Неъматов 2013 йил бошида АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институтида ташкил этилган «ЖСТ ва Марказий Осиё» экспертлар муҳокамаси чоғида қилган маърузасида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши борасидаги музокаралар давом этмоқда, аммо шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши, биринчи навбатда, Ўзбекистон иқтисодиёти манфаатларига хизмат қилиши керак ҳамда мамлакатда бандлик, божхона ҳамда иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак, деб таъкидлаган эди. Элчи жанобларининг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлиш мамлакат меҳнат ресурсларига, саноатига, қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатишини чуқур таҳлил қилиб чиқиши керак бўлади. “АҚШнинг Халқаро ҳаморлик бўйича агентлиги томонидан тайёрланган маърузага кўра, бу, шак-шубҳасиз, мамлакат автомобиль ва текстиль саноатига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бизнинг иқтисодчилар бунга жуда жиддий чуқур ёндашишмоқда. Биз ЖСТ котибияти, ҳамкорларимиз билан Ўзбекистон қандай шароитлар асосида ушбу ташкилотга аъзо бўлиши мумкинлигини муҳокама қилаяпмиз”, деди элчи жаноблари.

Қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистон миллий қонунчиликни ЖСТ норма ва қоидаларига уйғунлаштириш чоралари устида иш олиб бормоқда. Мамлакатда идоралараро ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у Ўзбекистон ва ЖСТ ўртасидаги музокаралар жараёнини мувофиқлаштириб бормоқда. Учинчидан, ЖСТ котибияти билан ишлайдиган кенгаш тузилган бўлиб, ЖСТ билан ҳамкорлик масалаларида 9 та ишчи гуруҳ иш олиб бормоқда.