US Embassy in Tashkent

4 июль — АҚШ мустақиллиги куни сифатида нишонланмоқда. Шу муносабат билан ушбу мамлакатнинг дунёнинг барча давлатларидаги элчихоналарида расмий байрам қабуллари уюштирилди. Ўзбекистондаги элчихонада ҳам шу йилнинг 2 июль куни АҚШ мустақиллигининг 239 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

АҚШ элчихонаси тадбирида Ўзбекистон ҳукуматидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Сенат ва Қонунчилик палатаси раҳбарияти вакиллари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

АҚШ элчиси Памела Спратлен хоним ўз нутқида АҚШ давлатчилигининг асослари хусусида тўхталиб, “Биз америкаликлар халқимизнинг мудофааси биринчи ўринда туриши юзасидан ишончимиз якдилдир. Аммо бизнинг барқарорлигимиз замирида ишбилармон иқтисодиётимиз, қонун устуворлиги, ҳалол меҳнат ва бизнинг қадриятларимиз мужассамдир. Барчанинг тенглиги, матбуот эркинлиги, мустақил суд тизими, вакиллик конгрессимиз, фуқаролик жамиятига йўналган қадриятларимиз ҳам АҚШ давлатчилигининг асосидир”, деди у.

Элчи Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ҳақида тўхталиб, Президент Ислом Каримов уни Тошкентга келиши биланоқ қабул қилгани, юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан мунтазам мулоқот олиб бораётганини қайд этиб ўтди.

Элчи нутқини ўзбек тилида ҳам давом эттириб, “Men O’zbekistonga yaqinda keldim, lekin o’zbek ma-dan-i-ya-ti yur-a-gim-dan alOhida joy OLISHga ul-gurdi”, деди. Унинг сўзларига қараганда, элчи Ўзбекистонда ўзини уйида юргандек ҳис қилади.

“Ватандош” газетаси ҳам барча америкалик юртдошларимизни мустақиллик куни билан қутлаймиз. Сизларга соғлиқ, ишларингизга муваффақият тилаймиз.