Ҳиндистон Бош вазири халқаро йога кунида. AP PHOTO/SAURABH DAS/ASSOCIATED PRESS

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди 2015 йил 6-7 июль кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинади.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Республикасининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, кўп қиррали ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

The Diplomat нашрининг ёзишича, Нарендра Модининг Марказий Осиё ва Россияга саккиз кунлик сафари чоғида асосий мавзу терроризмга қарши курашиш ҳамда энергетика соҳасида ҳамкорликка оид келишувларга эришиш ҳисобланади.

Моди даставвал Тошкентга, сўнг Қозоғистонга ташриф буюради, у ердан Россиянинг Уфа шаҳрига йўл олади. Уфада Ҳиндистон ҳукумати раҳбари 8-10 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган БРИКС ва ШҲТ саммитларида иштирок этади. Сўнг яна Марказий Осиёга қайтиб, Туркманистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистонга ташриф буюради.

 

ШҲТга яна бир миллиард кишилик давлат қўшиладими?

Шуни қайд этиш керакки, ушбу ташриф Модининг ҳокимиятга келганидан сўнг Марказий Осиёга илк сафари бўлиб, 2012 йилда ушбу мамлакат ташқи ишлар маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган “Бирлашган Марказий Осиё” ташаббусини амалга ошириш йўлидаги илк амалий қадам ҳисобланади. Ушбу ташаббус  Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакталари ўртасида сиёсий, хавфсизлик, иқтисодий ва маданий алоқаларни ўрнатишни мақсад қилган.

Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг ушбу турнесидан кўзланган яна бир мақсад шундаки, ушбу мамлакат жорий йилда минтақадаги йирик иқтисодий тузилмалардан бири — Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиб кириши мумкин.

1996 йилда Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон иштирокида ташкил этилган “Шанхай бешлиги” ташкилоти шу пайтга қадар битта аъзони — Ўзбекистонни 2001 йилда қабул қилади ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига айланади.

Россия ҳам, Хитой ҳам ташкилотнинг кенгайиши тарафдори бўлса-да, ташкилотга аъзо бўлиш тартиб-таомилларининг аниқ механизмлари бўлмагани боис сўнгги пайтларга қадар янги аъзолар бўйича аниқроқ тўхтамга келингани йўқ эди. ШҲТнинг Тошкент саммитида янги аъзоларни қабул қилишга доир охирги ҳужжатлар қабул қилиниб, аниқ тартиб-таомиллар белгилаб олинди. Унга кўра, бирор-бир мамлакат билан ҳарбий конфликтда бўлмаган ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциясига эга бўлмаган давлатлар ШҲТга аъзо бўлиб кириши мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, ШҲТнинг Уфа саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиб кириши амалда ҳал бўлиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон ва Тожикистон ШҲТ аъзоларидир, Афғонистон, Ҳиндистон, Монголия, Эрон ва Покистон эса кузатувчи мақомига эга. Шри-Ланка ва Туркия мулоқот бўйича шериклар ҳисобланади.

Кечиккан Ҳиндистон

Айрим экспертларнинг фикрича, дунёнинг энг аҳолиси кўп мамлакатлари сифатида Ҳиндистон ва Хитой жуда кўп масалаларда минтақада ўзаро рақобат қилади. Бу, айниқса, ҳудудий савдо-содиқ, янги транспорт лойиҳаларида яққол кўзга ташланади. Икки мамлакат, шунингдек, Жануби-Шарқий Осиё ҳудудида жиддий рақобат курашини олиб бормоқда. Аммо Марказий Осиё минтақаси Ҳиндистоннинг нигоҳига бирмунча кеч тушди. Боиси Хитой ушбу минтақага бугун миллиардлаб инвестиция киритаётган, янги иқтисодий ҳамкорлик ташаббусларини илгари сураётган бир шароитда Ҳиндистоннинг ушбу минтақа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари жуда паст бўлиб қолмоқда. Биргина мисол, ўтган йили Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 315,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ваҳоланки, Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги савдо айланмаси 26 миллиард долларни ташкил қилиб, уни 40 миллиард долларга етказиш чоралари кўриляпти. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро савдо айланмаси эса 6 миллиард долларга етиб, икки мамлакат ўртасида 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётир.

Моди ташрифини нега Ўзбекистондан бошлаяпти?

 Хорижлик экспертларнинг фикрича, Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг ўз ташрифини Ўзбекистондан бошлаши, аввало, икки мамлакатни боғлаб турувчи тарихий-маданий алоқалар билан боғлиқдир.

Муҳаммад Заҳриддин Бобурнинг Ўзбекистон ҳудудида вояга етиб, Ҳиндистонда улкан бир цивилизация ва сулолага асос солгани, Ислом Каримовнинг ушбу мамлакатга 5 марта расмий ташриф билан борганига ҳам экспертлар алоҳида эътибор қаратишган. Қолаверса, Ҳиндистон — Покистон тинчлик сулҳига эришишда Тошкент (Собиқ иттифоқ пайтида) шаҳрининг аҳамиятини ҳеч ким унутгани йўқ. Қолаверса, тиббиёт, туризм, оғир металлургия ва текстиль соҳасида икки мамлакат ҳамкорлиги жадал ривожланаётир.

Газ, терроризм ва дипломатик протокол талаби

Моди Қозоғистон ва Туркманистондаги музокаралари чоғида асосий энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилиши мумкин. Чунки Россия Туркманистондан газ харид қилишни тобора қисқартириб боряпти, Хитой билан газ лойиҳалари самарали рўёбга чиқарилаяпти. Туркманистон газ экспортини диверсификация қилиш учун асосий эътиборни Европа ва Ҳиндистонга қаратишга мажбур бўлмоқда. Шундай бўлса-да, Ҳиндистоннинг ушбу минтақадаги савдо айланмасининг қарийб ярми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келяпти.

Ҳиндистоннинг мамлакатдаги ташқари ягона ҳарбий базаси Тожикистондаги Фархор ҳаво базаси бўлиб, 2002 йилда Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларни Шимолий таъминот тармоғини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Лекин ушбу база Ҳиндистоннинг асосий рақиби — Тожикистоннинг эътирозига сабаб бўлиб келади. Шунинг учун ҳам Моди Тожикистонда асосий эътиборни терроримга қарши курашиш масалаларига қаратиши мумкин. Қолаверса, Покистон билан муносабатларнинг ҳали-ҳамон яхши эмаслиги ҳам терроризмга қарши курашишда Ҳиндистон учун Афғонистон муҳим роль ўйнайди.

Ҳиндистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларда ҳам асосий эътибор терроризмга қарши қаратилиши кутилмоқда. Бунда Ҳиндистон томонидан Қирғизистон қуролли кучларини моддий қўллаб-қувватлаш ва тайёргарлигини оширишга ёрдам бериш масалалари кўриб чиқилади.

Умуман, Нарендра Модининг Марказий Осиё сафари Ҳиндистон ташқи сиёсати, қолаверса, бизнеси учун янги имкониятларни очиши мумкинлиги билан ҳам ниҳоятли аҳамиятлидир.

 

Мурод ҒОФУРОВ.