Бугун Ҳиндистон Бош вазири Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан мулоқот ўтказди. Ўзаро музокаралардан сўнг матбуот учун берилган баёнотда қайд этилишича, Нарендра Моди Марказий Осиё сафарини бежизга Ўзбекистондан бошламаганини айтиб ўтди. “Бу ушбу халқнинг Ҳиндистон учун нафақат минтақада, балки Осиёда аҳамияти катта эканлигидан далолатдир”, деди у.

Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Ўзбекистон раҳбарига иқтисодий алоқаларни янги босқичга кўтариш лозимлигини, ҳинд ишбилармонлари Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқиш билдиришаётганини маълум қилди. У ҳинд инвестицияси учун қулайроқ муҳит яратилишини сўраган. Ислом Каримов, ўз навбатида, таклифга ижобий муносабат билдирган.

Ислом Каримв қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва энергетика соҳасида ҳамкорликка урғуни кучайтириш зарурлигини айтган. Томонлар, шунингдек, жорий йилда имзоланган Ҳиндистонга уран етказиб беришга оид шартнома бажарилиши юзасидан фикр алмашишган.

Нарендра Моди Ҳиндистоннинг Халқаро шимолий-жанубий транспорт коридори ташаббуси ҳақида сўзлаб бериб, Ўзбекистонни аъзо бўлишга чақирган.

Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Лаъл Баҳодур Шастри хотирасига кўрсатилган эҳтиром учун Тошкент ва Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирди.

Нарендра Моди Ислом Каримовни вақтига қараб Ҳиндистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендира Моди Ўзбекистонга ташрифи давомида Ислом Каримовга Амир Ҳусрав Деҳлавийнинг “Ҳамса” асарининг махсус тайёрланган нусхасини совға қилди.

0.16640500-1436163306-A-gift-for-the-President-of-Uzbekistan--(3)
Хабарларда айтилишича, форс тилида битилган мазкур қўлёзма 13 асрга оид. Ҳусрав Деҳлавийнинг отаси асли Ўзбекистондан бўлган.