Бугун санъат соҳасидаги ўзгаришлар шундай шиддатлики, тингловчи англаб олишга ҳам қийналиб қоляпти. Тезкорлик санъатнинг тошини енгил қилиб қўйяпти, назаримизда. Бу борада ҳар кимнинг фикри бор. Мубоҳасалар ҳам бежиз эмас. Бу галги суҳбатимизда Ўзбекистон халқ ҳофизи Оролмирза САФАРОВ санъатнинг ана шундай тамойиллари ҳақида ўз холис фикрларини баён этди.

– Сизнинг-ча, санъатда энг муҳим қоида нима?

– Аслида санъатни амалий ва назарий жиҳатдан маълум бир қоидага тиқиш, менимча, нодонликдир. Аммо амал қилиш шарт бўлган маълум қоидалар бор: санъаткор билим ва маънавий етуклик жиҳатдан оммадан бир қадам олдинда бўлиши керак. Асосий ва бузиб бўлмайдиган қоида бу – камтарлик.
Агар санъаткор элдан ўзини катта тутиб, манманликка берилса, халқ кичкина жимжилоғи билан сал туртиб қўяди, қандай осмонга чиққан бўлса, шундай ерга тушади. Камтар бўлсангиз, халқ ичида бемалол юрасиз, манманликка берилдингизми – завол топасиз. Санъат¬кор манманлик билан мартабага эришмайди. Тўғри, санъатнинг ичида аралашиб пул топиши, энг қиммат машинада юриши, данғиллама ҳовлилар қуриши мумкин, аммо санъаткорнинг мартабаси бу билан ўлчанмайди. Эртага ҳеч ким санъаткор яшаган данғиллама ҳовлини, минган машинасини эсламайди, яратган қўшиқлари, ашулалари, куйларини гапиради. Халққа унинг моддияти умуман қизиқ эмас.

– Хаёлида тинмай куй айланган бола билан бугунги Ўзбекистон халқ ҳофизи орасидаги масофа қанчага узайган? Бугун куйдан болалигингиздагидек завқлана оласизми ёки унга оддий тирикчилик, профессионал иш деб қарайсизми?

– Бунга пайти, жойи, ҳолатига қараб жавоб бериш мумкин. Чунки инсон турли таъсирлардан холи эмас. Болаликда эшитган нарса, аввало, қулоқда, кейин юракда қотиб қолади. Чунки иштиёқ, истак, орзу кучли бўлади. Болалигимда «менинг ҳам овозим радиода янгрармикан», деб орзу қилардим. Эзгу ниятлар рўёбга чиқиб, ҳаёт сизни шу йўлга йўналтирганини билмай қоларкансиз. Бугун ҳам болалигимда қулоғимда, юрагимда қолган достонларни, ашулаларни ўзгача ҳаяжон билан куйлайман.
Лекин санъатга профессионал иш деб қарамасдан иложим йўқ. Чунки менинг касбим – ўқитувчи. Шу сабаб шогирдларимга куй ёки ашула ўргатаётганда касб жиҳатдан профессионал даражада ўргатишга ҳаракат қиламан. Чунки шогирдлар мен берганимни олиб, ўзидан кейингиларга етказиши керак. Бунинг масъулияти жуда катта. Ўзимдан бошқа санъаткорларни тинглаганда эса шинаванда нуқтаи назаридан қарайман.

– Куйнинг асл моҳиятини қандай англайсиз?

– Мусиқани иқтидор туфайли англаб етиш мумкин.
Гоҳида куй яратишда айрим санъат¬корлар «ғоя келди», деб гапиришади. Аслида санъат соҳасида бу сўзнинг ишлатилиши жуда ноўрин. Бунинг ўрнига «илҳом келди» ёки «пойдеворини топдим» деса, тўғрироқ бўлади. Бундан ташқари, ўзини иззат қиладиган санъаткор қўшиққа биринчи бўлиб шеър танламайди, аввало, оҳанг танлайди. Кейин куйнинг ҳолати, мазмунига қараб ғазал, шеър қўйилади, сўнгра басталанади. Масалан, «Шошмақом»ни олайлик. «Шошмақом»ни академик Юнус Ражабий қайтадан нотага солган. Юнус Ражабий куйга, оҳангга қараб, унга ғазал танлаган: «Насруллоий» куйига Навоийнинг, «Сафти калонга» Бобур, «Уфор»га Мунис, Муқимий ғазалларини қўйган.

– Демак, сиз аввало, шеър танлаш керак, дейдиганларнинг фикрига қўшилмайсиз?

– Йўқ, мутлақо қўшилмайман. Шу фикр шакллангани учун ҳам «санъаткорлар» кўпайяпти, фақат тўйларда айтиладиган қўшиқлар урчияпти. Бу қўшиқлар олти ой ҳам умр кўраётгани йўқ. Яна бир салбий ҳолат: озарбайжон, турк, афғон, араб, эрон, италян, француз, немис, юнон қўшиқлари оҳанглари олиняпти-да, ўша куйларга зўрма-зўраки шеър қўйиляпти. Натижада, икки кун ўтар-ўтмас, қўшиқнинг асли фош бўлиб қоляпти. Шу ҳолатдаям уялмасдан «бу қўшиқ меники», деб кўкрагига урадиган, тингловчини ҳурмат қилмайдиганлар кўпаймоқда.
– Танлаган куйига ўзининг тўқиган сўзларини қўядиган хонандаларга қандай қарайсиз?

– Сиз айтаётган «хонандалар» на бирор чолғу асбобини чалишни, на куй басталашни билади, на ижрочиликдан хабари бор. Ҳамма ишни техника бажаради.

– Ашула яратишда мухлис талабига қарайсизми ёки ижодий режаларга?

– Иккаласигаям қарамайман. Юрагим нима деса, шуни қиламан, кўнгил амрига ва илҳомнинг даъватига қарайман.

– Саҳнадан қўрқасизми?

– Ҳа, саҳнадан қўрқаман. Айниқса, катта концертларда минг хил фикр, минг хил ҳаяжон юрагимни чулғайди. «Усулни ушлаб тура олармиканман, авжни меъёрига етказа олармиканман, халқ мени қандай қабул қиларкан», деган саволлар тинмай хаёлимда айланади. Саҳнага шундай саволлар қуршовида Яратгандан мадад сўраб чиқаман.

– Устоз санъаткорсиз, шогирдларингиз талай. Шогирдларни қандай саралайсиз?

– Шогирдларни саралайдиган замонмас ҳозир. Кўпинча яхши шогирдларни Худонинг ўзи дуч қилади. Ўқитаётганларимнинг ичида ҳам санъатга адашиб кириб қолганлари кўп, аммо бутун борлиғини санъатга бағишлашга тайёрлари ҳам талайгина. Ҳақиқий санъатга ҳақиқатданам боримни бераман, дейдиган шогирдларим ҳам бор. Тилагим, шулар биздан ҳам кучлироқ бўлишсин, анча олдинга ўзиб кетишсин.

– «Устоз-шогирдлик» анъанаси бугун йўқолиб бораётгандек. Бунга нималар сабаб, деб ўйлайсиз?

– Истаймизми-йўқми, бугун санъат жараёни икки қутбга ажралиб қолди. Биз яшаётган қутбда устоз-шогирдлик анъанаси сақланиб, давом этаяпти. Иложи борича, биз устозларимиздан ўрганганларимизни шогирдларга ўргатяпмиз. Шогирдлар ҳам бир пайтлари биз устозларга қилганимиздек, ҳурматимизни жойига қўйишади. Аммо иккинчи қутбда на устозликдан, на шогирдликдан асар бор. Чунки кеча чиққан «хонанда»нинг ёнида ўз «шогирд»лари бор. «Шогирд»нинг ҳам даражаси худди устозидек. У устозидан тўйларга чиқишни, фонограммани қўйиб, қандай оғиз қимирлатиб туришни ўрганади. Ўғирланган мусиқага сўз бирикмаси тузишни ўрганади ва эртага чўнтагига тўрт-беш сўм пул киргач, устозини унутади. Айримларида, ҳатто, устоз йўқ, уларга продюссери ёки администратори устозлик қилади. Бу «устоз» аталмишларни эса тез-тез алмаштириб туришади.
– Бугунги қўшиқчилик санъатимизни қандай баҳолайсиз? Асл санъат мезонларига жавоб берадими?

– Мезонга жавоб берадиган томонлари ҳали ҳам бор, Худога шукр. Миллий-мумтоз қўшиқларимиз – миллатни дунёга танитадигани шу санъат ўзи. Бутун дунё эшитадигани бу миллий қўшиқларимиз. Бизнинг эстрадамиз хорижга керак эмас, чунки улар аллақачон эстрадани яратиб бўлишди. Буни бошқатдан бўяб, бежаб уларга тиқиштиришимизнинг кераги йўқ.

– Озодбек Назарбеков билан дуэтингиз кўпчиликни ҳайратга солган эди. Ундан кейин негадир бошқа дуэт айтмадингиз…

– Аслида ҳеч қачон дуэт айтишни орзу қилмаганман. Чунки мен яккахон ижрочиман. Бу дуэтни ижро этишимга сабаб эса тарбиявий жиҳатдан жуда юқори даражадаги қўшиқ эди. Буни ижро этиб, хато қилмаган эканман. Қўшиқ яратилганига олти йил бўляпти, ҳамон шу қўшиқ талабгорлари кўп.

– Гўё томошабин талаб қиляпти, дея битта қўшиғини айлантираётган, ҳафталаб концерт бераётганларга нима дейсиз? Бу тингловчини зериктирмайдими?

– Албатта, бир хиллик, бир куни ҳамманинг жонига тегади. Концерт қўйишганида кунларни узайтирмасдан қисқартиришса яхши бўларди, назаримда. Йилдан-йилга концертлар сони кўпайяпти-ю, сифати борган сари тушиб кетяпти. Бу нарсани жиловлаш керак.

– Гоҳида қизиқчилар сизни пародия қилишади, ҳатто залда ўзингиз ҳам кулиб ўтирганингизга гувоҳ бўламиз. Ҳеч хафа ҳам бўлмайсиз-а?..

– Бу нарсага ижобий қарайман. Агар чиндан ўхшатса, уддасидан чиқса, олқишлайман уларни. Чунки халқимизда муқаллидлик санъати қадимдан жуда ривожланган. Улар золим амалдорлар, каззоблар устидан шу санъат орқали боплаб кулишган, ўзини ўзига кўрсатиб берган. Бугун қизиқчиларимиз шуни уддасидан чиқа олса, қандини урсин, дейман. Аммоқизиқчиларнинг қўшиқ айтишига қаршиман. Санъат марди-майдон дейилади.Қизиқчилигинг билан халқ меҳрини қозонолмадингми, ўзингни ҳар томонга урмасдан, яхшиси, бу майдондан чиқ. Халққа манзур бўлолмадингми, ҳар мақомга йўрғалама. Чунки берилган касбнинг орқасидан сурган даврон тугаганидан кейин майдондан чиқиб кетиш – бу марднинг иши.

Гўзалой МАТЁҚУБОВА суҳбатлашди.

“Оила даврасида” газетасидан олинди