Тошкентда бир гуруҳ шахслар ўзаро тил бириктириб, хорижий валютани халқаро тўлов карталаридан фойдаланган ҳолда нақдлаштириш йўлини ўйлаб топишган.

Бош прокуратуранинг “Ҳуқуқ” газетасида ёзилишича, уч киши уюшган гуруҳга бирлашиб, Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банки”нинг Яккасарой филиалига келади. Бу ерда шериклари томонидан моддий рағбат эвазига ёлланган шахсларнинг фуқаролик паспортларига халқаро тўлов “Viza” электрон пластик карталарини расмийлаштириб, бу карталарга 2000 АҚШ долларидан туширади.

Гуруҳнинг бошқа аъзолари эса ўз номига халқаро пластик карточка расмийлаштиришга рози бўладиган фуқароларни топиш, уларга бу “ҳиммат”лари учун 100 минг сўмдан мукофот тарқатиш, дафтарини юритиш каби ишлар билан шуғулланишади.

Уюшган гуруҳ томонидан 2014 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида банкдан моддий манфаатдорлик эвазига ёлланган 215 нафар шахснинг номига расмийлаштирилган халқаро тўлов “Viza” электрон пластик карталари орқали нақдсиз шаклда 430 минг АҚШ доллари сотиб олиниб, чет давлатларда нақдлаштириб олинади. Нақд шаклдаги хорижий валюта эса қонунга хилоф равишда пойтахт бозорларида фуқароларга “қора бозор” нархида ўтказиб келинади.

Хабарда айтилишича, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди ушбу кимсаларнинг ҳар бирига тегишли жазо тайинлади.

SHARE