Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов Қатарнинг “Ал-Жаиш” жамоаси билан уч мавсумга мўлжалланган шартнома тузди.

Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизматининг Қатар клубининг сайтига таяниб хабар тарқатишича, “Бунёдкор” собиқ ярим ҳимоячиси 6 июль куни “Ал-Жаиш”да тиббий кўрикдан мувоффақиятли ўтди ва шундан сўнг клуб расмийлари билан учрашиб, уч йиллик шартномага имзо чекди.

Хабарда айтилишича, ушбу трансфер “Ал-Жаиш”нинг янги мавсум учун қилган илк ҳариди бўлди.

Клуб раҳбарларидан бири — Юсуф Дасмал ушбу трансфер ҳақида тўхталаркан, Сардорнинг истеъдодига юқори баҳо берди. “Бу футболчининг иқтидорига шубҳам йўқ. Умид қиламанки, у “Ал-Жаиш” билан мувоффақиятга эришади. Сардор жарима майдонига ёриб кириш ва тўпни дарвозага жойлашни яхши билади. Мураббийимиз Сабри Лямучи уни жамоа ҳужум чизиғининг етакчиси бўлади, деган фикрда”, — дейди Дасмал.

24 ёшли ўзбекистонлик ярим ҳимоячи шу вақтга қадар миллий терма жамоада 24 ўйинда майдонга тушиб, 7 голга муаллифлик қилган

“Бунёдкор” клуби бош директори Бахтиёр Бобоевнинг айтишича, қатарликлар “Бунёдкор” ҳисобига 2,1 миллион АҚШ доларини ўтказиб беришади.